Жамоат жойлари ва у ерда таъқиқланган ҳаракатлар ҳақида биласизми?

Жамоат жойлари ва у ерда таъқиқланган ҳаракатлар ҳақида биласизми?

Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, қонунчиликка мувофиқ, қуйидагилар жамоат жойлари ҳисобланади:

  • - стационар савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари;
  • - кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, кўрик ва кўргазма заллари ҳамда оммавий дам олиш учун ёпиқ иншоотлар;
  • - клублар, дискотекалар, компьютер заллари, Интернет хизматлари кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёхуд бошқа кўнгилочар жойлар;
  • - музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар;
  • - маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездлар, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонлари, дарё кемалари, шаҳар, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобуслар, таксилар, йўналишли таксилар ҳамда шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари; 
  • - ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;
  • - аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари;
  • - давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бинолари;
  • - соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари;
  • - иш жойлари бўлган хоналар;
  • - кўп квартирали уйларнинг йўлаклари, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончалари;
  • - хиёбонлар, боғлар, кўчалар ва бошқа жойлар.

Жамоат жойларида, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади:

  • - тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек чилим ва электрон сигареталар чекиш;
  • - уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларни содир этиш;
  • - алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш;
  • - тиланчилик қилиш;
  • - рўйхатдан ўтказилмаган байроқлар ва вимпеллардан фойдаланиш;
  • - ит ва мушукларни тумшуқбоғсиз ва етовсиз олиб юриш;
  • - карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда ниқобсиз бўлиш.

Жамоат жойларида мазкур хатти-ҳаракатларни содир этиш тегишлича маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.