“Жаслиқ” узоқ йиллар Ўзбекистон учун доғ бўлиб келган” – Омбудсман

“Жаслиқ” узоқ йиллар Ўзбекистон учун доғ бўлиб келган” – Омбудсман

Олий Мажлисниг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев 2020-йилнинг 29-декабр куни Конгресс холлда ўтказилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасига бағишланган тадбирдан сўнг “Дарё”га қисқа интервю берди.
Улуғбек Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, бир пайтлар жазони ижро этиш тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ёпиқ мавзу ҳисобланган.

“Охирги йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан атрофдаги мамлакатлар, ҳатто, айрим ривожланган давлатларга ҳам кўплаб ўрнак бўладиган ҳолатлари билан ўзини намоён этмоқда. Шунинг учун ҳам биз Янги Ўзбекистон, деб атаяпмиз. Бу ўзгаришларни фуқаролар ҳуқуқларини ҳамма соҳада ҳимоя қилинаётганида кўриш мумкин. Ҳаттоки, жазони ижро этиш тизимида ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда. Мазкур масала олдин жуда ёпиқ мавзу бўлган, буни барчамиз яхши биламиз. Давлатимиз раҳбари бугунги Мурожаатномасида айнан шу масалага ҳам яна бир эътибор қаратди. Мисол учун, 2021-йилдан 25 та манзил-колониянинг босқичма-босқич ёпилиши ҳақида тўхталиб ўтди. Бу жуда ҳам катта нарса. Агар бунинг моҳиятига қарайдиган бўлсак, икки йил олдин энг машҳур жазони ижро этиш муассасаларидан бири ҳисобланган “Жаслиқ” ёпилганида халқаро жамоатчилик қандай муносабат билдиргани ҳаммага маълум. “Жаслиқ” узоқ йиллар мамлакатга доғ бўлиб келаётган бир маскан эди, одамлар ўртасида ёмонотлиқ номга айланганди”, деди у.