“Жайрон” қўриқхонаси замонавий туристик зонага айлантирилади (фото)

“Жайрон” қўриқхонаси замонавий туристик зонага айлантирилади (фото)

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида жойлашган “Жайрон” қўриқхонасига бориб, у ернинг сайёҳлик мавсумига тайёргарлигини кўздан кечирди

“Ихтисослаштирилган қўриқхонада кўплаб имкониятлар мавжуд бўлиб, бу ерда халқаро стандартларга мувофиқ келувчи замонавий ташриф маркази (visitor center), кузатув минораси ва музей яратилмоқда. Меҳмонлар учун барча қулайликлар яратиш мақсадида қўриқхонада олиб борилаётган илмий изланишлар, унинг тарихи ҳақида батафсил маълумотлар берилади.

Бу ерда жайрон билан боғлиқ махсус сувенирлар линияси ҳамда унинг бренд дўконлари ташкил этилади. Қўриқхонага ташриф буюрган одамларда тамадди қилиш имкони ҳам бўлиши учун тематик кафе фаолияти йўлга қўйилади.

Хорижий ва маҳаллий сайёҳларга янада кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида қўриқхона керакли техника билан таъминланади: бошланиши учун бу ерга икки автомобиль ва икки квадроцикл, live-камералар, шунингдек суратга олишни хуш кўрувчи сайёҳлар учун фотоқопқонлар ижараси йўлга қўйилади”, - деди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, қўриқхона ҳудудида бир неча Кузатув минораси ва улар бўйича махсус маршрутни яратиш режалаштирилган. Бу қўриқхонадаги жониворларни эртадан кечгача кузатиш, яъни бутун кун давомида уларнинг ҳаёти ҳақида маълумот олиш имконини беради.

Бундан ташқари, қўриқхонани туристик маскан сифатида тарғиб қилиш мақсадида бу ернинг махсус сайти ҳам яратилиб, унда виртуал ва 3D-турлар йўлга қўйилади. Экотуризм маскани ҳудудида дунёга келувчи ноёб жониворларга интернет тармоқлари орқали ёрқин номлар бериш тизимини йўлга қўйиш эса кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий.

“Таъкидлаш жоизки, айни дамда Бухоро вилоятидаги “Жайрон” қўриқхонасига барча ҳудудларнинг мактаб ўқувчилари, академик коллеж ва лицейлар ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари экскурсиясини йўлга қўйишга доир махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастур асосида ўқувчи ва талабаларнинг режали ташрифлари амалга оширилади.

Шу билан бирга, Бухоро ва бошқа ҳудудларнинг маҳалла ҳамда меҳнат жамоалари вакиллари учун арзон нархларда махсус турлар ишлаб чиқилади. Қўриқхонада кенг қамровли илмий ишлар ўтказилишидан келиб чиқиб, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишиб олдик – ҳар йили хорижий мамлакатлар олимларини жалб қилган ҳолда халқаро анжуманлар ва илмий конференциялар ўтказилади”, - дея қўшимча қилди Азиз Абдуҳакимов.

Юқоридаги барча ишларни амалга ошириш натижасида “Жайрон” қўриқхонаси йилига 20 мингга яқин сайёҳни қабул қилиш салоҳиятига эга бўлади.

Маълумот учун: “Жайрон” қўриқхонаси 1977 йилда ташкил топган бўлиб, Қизилқум чўлининг жануби-ғарбида, Бухоро шаҳридан 42 км масофада жойлашган. Майдони – 16,5 минг гектар. Унинг фаолияти жайронларнинг йўқолиб бораётган ноёб турларини кўпайтиришга йўналтирилган. Бундан ташқари, қўриқхона ҳудудида жониворлар ва ўсимликларнинг бошқа турлари ҳам мавжуд, улар орасида Ўзбекистоннинг Қизил китоби ва Халқаро Қизил китобга киритилганлари ҳам бор.