Жефф Безос космик кема учун чипталар сотуви бошланганини эълон қилди

Жефф Безос космик кема учун чипталар сотуви бошланганини эълон қилди

Дунёнинг энг бой одами, Amazon компаниясининг асосчиси Жефф Безос ўзининг Blue Origin аэрокосмик компанияси томонидан ишлаб чиқилган New Shepard космик кемаси учун чипталар сотуви бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар бериди.

Бу ҳақда миллиардер ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди. Тармоқдаги постда барча батафсил маълумотлар 5 майда эълон қилиниши айтилган.

«Вақти келди», — деб ёзган у ижтимоий тармоқда.

Видеороликда Безос пикап машинасида Ғарбий Техасдаги компаниянинг учиш майдонига қараб кетаётгани, кейин эса космик кеманинг ерга муваффақиятли қўниши ва сайёҳларни космосга етказувчи капсула тасвирланган. Безоснинг сўзларига кўра, у ҳар йили Amazon’даги миллиардлаб долларлик акцияларини сотиб, Blue Origin’ни молиялаштирмоқда.

New Shepard кемаси олти кишидан иборат капсулани орбитага олиб чиқади. Улар 10 дақиқада ернинг тортиш кучидан бутунлай узилади ва Ер юзасидан 104 километр баландликдан сайёрамиз манзараларини кузатиши мумкин бўлади. Бтта парвознинг давомийлиги 40 дақиқани ташкил қилади.

Компаниянинг маълумот беришича, ҳаммада ушбу капсулада космосга чиқиш имконияти бўлади.

Компания сайтида расмий анонснинг эълон қилиниш вақти учун тескари ҳисоб олиб борилмоқда, чипта сотиб олмоқчи бўлганлар эса сайтдаги янгиланишларга обуна бўлиши мумкин. Ҳозирча чипталар нархи маълум қилинмаган, лекин аввалроқ Reuters агентлигининг манбалари космик кемадаги битта ўрин 200-300 минг долларга баҳоланиши мумкинлигини маълум қилган эди.