Жек Ма Хитойнинг етакчи тадбиркорлари рўйхатига киритилмади

Жек Ма Хитойнинг етакчи тадбиркорлари рўйхатига киритилмади

Alibaba асосчиси ўрнига газетанинг биринчи саҳифасидан унинг «асосий рақиби», Tencent раҳбари Ма Хуатэн жой олди.

Миллиардер Жек Ма Shanghai Securities News давлат ишбилармонлар газетаси эълон қилган Хитойнинг етакчи тадбиркорлари рўйхатига киритилмади. Бу ҳақда Bloomberg ёзмоқда.

Alibaba асосчиси ўрнига газетанинг биринчи саҳифасидан унинг «асосий рақиби», Tencent раҳбари Ма Хуатэн жой олди, дея қайд этади агентлик. Рўйхатга шунингдек, Huawei асосчиси Жен Чжэнфэй, Xiaomi раҳбари Лей Цзюнь ва BYD президенти Ван Чуанфу киритилган.

Shanghai Securities News газетасида Жек Манинг номи тилга олинмаслиги у ва мамлакат ҳукумати ўртасидаги низо давом этаётганлигини билдиради, деб ёзади Reuters. Рўйхат Alibaba чораклик ҳисоботини эълон қиладиган кунда эълон қилинди.

Жек Ма октябрда Шанҳайдаги конференцияда халқаро молиявий регуляторлар қоидалари эскирганини айтган ва Хитой банкларини танқид қилиб, улар «ломбардча менталитет»га эгалигини билдирганди.

5 ноябр куни назорат пакети Мага тегишли бўлган Ant Group Шанҳай ва Ҳонгконг биржаларида IPO’ни амалга ошириши керак эди. Бироқ биржага чиқишдан икки кун олдин Хитой молиявий регуляторлари Ма ва Ant Group раҳбарларини суҳбатга чақирган. Reuters манбасининг сўзларига кўра, улар бизнесларини тўлиқ текширув кутаётгани тўғрисида огоҳлантирилган.

Ant Group IPO’си қолдирилди. Хабарларга кўра, бу борадаги қарорни шахсан ХХР ҳукумати раиси Си Цзинпин қабул қилган.

Декабрда Хитой регуляторлари Ant Group’ни шаффоф рақобат принципларини ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишда айблади. 24 декабрда эса Alibaba устидан текширув бошлангани маълум қилинди.

Охирги марта октябрда омма олдида кўринган Жек Ма уч ойдан сўнг – январ ўрталарида кўриниш берди. У Жек Ма 20 январ куни хайрия тадбирида видеоалоқа орқали чиқиш қилган.