«Женоа» мухлислари Элдорга ишонмоқда

«Женоа» мухлислари Элдорга ишонмоқда

Бугун Италия А Сериясининг навбатдаги турида “Женоа” сафар учрашувида лига дебютанти  “Беневенто” билан куч синашади. Кейинги пайтда жамоа ўйини кучайиб бораётганидан мамнун бўлаётган генуялик мухлислар бу учрашувдан фақат ғалаба кутмоқда.

Шунингдек, кейинги пайтда ўйини очилиб бораётган ўзбекистонлик легионер Элдор Шомуродовга ҳам мухлисларнинг ишончи ортиб бормоқда. Улар Роландо Марандан ўзбек ҳужумчисини асосий таркибда туширишни сўраб, бунинг эвазига  Элдор “Беневенто” дарвозасига гол уриши шартлигини айтмоқда.

Эътиборингизга “Женоа” мухлисларининг Элдор Шомуродов ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ҳавола этамиз.

Tommi Villa:

“Милан” билан дурангдан сўнг, “Беневенто” бизга тўсиқ бўлолмайди. Биз албатта ютамиз. Ҳужумчиларимиз ўзини кўрсатади. Шомуродов ва Дестродан гол кутамиз!

Damiano Cannarile:

Бошланғич таркибда Шомуродов ва Дестро ўйнасин. Улар энг кучли футболчиларимиз. Шомуродов катта сумма тикилган трансферни оқлаши керак.

Valentina Tito:

Ўтган ўйинда Шомуродовнинг гол уриши учун озгина омад етишмади. Бу гал у гол уришига ишонаман.

Giovanni Angelini:

“Милан”га қарши ўйнаган таркибни бугун ҳам майдонга тушириш керак.  Айниқса, ҳужумда ўйнаган футболчиларни. Ниҳоят, энг зўр ҳужум тандемини топдик.

Rosalba Santoro:

Маран бу гал ҳам Скамаккани захирада олиб қолишига умид қиламан. Шомуродов бугунги кунда бошланғич таркибга энг муносиб футболчи.

 

Кўриниб турибдики, Элдор Шомуродов ўзининг ўйини билан мутахассислар ишончини оқлаб, мухлислар қалбидан жой олиб бормоқда. Генуяга келганидан бери асосий таркибга муносиб эканини исботлаяпти. Ҳамюртимиз аввалига “Женоа” юлдузи Горан Пандевни рақобатда ортда қолдирди. Кейинги ўйинларда бош мураббий катта ишонч билдираётган Жанлука Скамаккани захира ўйинчисига айлантириб қўйди.

Бир неча ўйин олдин, “Женоа” ҳужумида Шомуродов ва Скамакка жуфтлиги ўйнаётган эди. Энди ундан ҳам самарали усул топилди. Генуяликлар жамоанинг олд чизиғида Шомуродов ва Дестро тандемини кўришни истамоқда. Чунки бу ҳужумчилар А Серия етакчиси ва Европада енгилмас жамоага айланган “Милан” ҳимоя чизиғини ожиз қолдира олди.

"Беневенто" ва "Женоа" ўртасидаги учрашув бугун Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади