Жисмоний тарбия ва спорт вазирига ўринбосар тайинланди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирига ўринбосар тайинланди

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдурахмонов, вазирлик ҳамда спорт федерация ва ассоциациялари раҳбарияти, спорт таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишга раислик қилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов сўнгги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга мазкур соҳа тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, айниқса аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашда оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш зарурлигига урғу қаратилди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида вазирлик раҳбариятида ташкилий ўзгариш юз берганлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори билан Каримов Авазжон Қудратиллаевич жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Аваз Қудратиллаевич Каримов – 1983 йил 19 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2006 йилда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раисининг ўринбосари сифатида бошлаган. 2007-2011 йилларда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Тошкент шаҳар бўлими раиси, 2011 йилдан Ўзбекистон бадминтон федерацияси раисининг ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган.

2014-2015 йилларда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори ўринбосари, сўнгра от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт Давлат қўмитаси Ишлар бошқармаси бошлиғи, 2017-2019 йилларда Чирчиқ олимпия захиралари мактаб-интернати директори, 2019 йил 6 сентябрдан ҳозирга қадар Республика олимпия захиралари коллежи директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.