Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари 2 минг доллар пора билан ушланди

Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари 2 минг доллар пора билан ушланди

Жиззаҳ шаҳар ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари – шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси қўлга олинди. Бу ҳақда “Yoshlar” телеканалида эфирга узатилган лавҳада маълум қилинди.

Таъкидланишича, у аслида, Жиззах молиявий тизимининг шаффофлиги ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўла туриб, тадбиркорга шаҳардаги ижтимоий соҳа объектларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб берриш эвазига ундан 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Ҳоким ўринбосари жорий йилнинг 6 май куни кечки соат 20:00 ларда Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалласи ҳудудида 2 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзи бошқарувидаги Gentra русумли автомобиль юкхонасига ташлаб қўйган ҳолда олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов 2018 йилда лавозимга тайинлангач, уюшган жиноий гуруҳ тузиб, қарийб 20 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганди.