Жиззахда BМХ велотрассаси қурилиши бошланди. У қандай бўлади? (фото)

Жиззахда BМХ велотрассаси қурилиши бошланди. У қандай бўлади? (фото)

Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Жиззах шаҳридаги собиқ Сангзор кўли ҳудудида велоспортнинг ВМХ йўналиши бўйича трасса қурилиши жараёнлари олиб борилмоқда

Трасса CC, яъни қитъа чемпионатлари ва жаҳон кубоги босқичларини қабул қила оладиган тоифада бўлади. Бўлажак арена 2500 мухлис учун мўлжалланган. Аҳамиятлиси, майдоннинг ён қисмида 100 кишилик меҳмонхона ва бизнес-марказ ҳам барпо этилади. 

«Қурилиш ишлари якунлангач, ВМХ йўналиши бўйича жаҳоннинг энг кучли райдерлари иштирокида аренанинг очилиш маросимини ўтказиш режалаштирилган. Меҳмонлар бунда кўргазмали синов мусобақасида қатнашадилар ва жараён кўнгилдагидек якунлангач, Халқаро велоспортчилар иттифоқи махсус комиссиясининг СС сертификати берилиши кутилмоқда. Трассанинг очилиши эса куз фаслининг илк кунларига мўлжалланган. Бу йўналиш билан шуғулланувчи профессионал спортчиларимиз саноқли. Келажакда ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан хорижлик мутахассисларни жалб қилиш орқали ВМХни ҳам юртимизда ривожлантириш режамиз бор», – деди Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси Бош котиби Козим Ўринбойхўжаев.

Трасса 2 та (5 ва 8 метри) старт чизиғига эга бўлади. Бунда 5 метрли ҳудуд машғулот жараёнлари ва ҳаваскорлар учун мўлжалланган бўлса, катта чизиқда профессионал пойгаларга старт берилади. Трасса қурилиши якунлангач, 5 метрли старт чизиғига эга ҳудудда ушбу йўналишга қизиққан исталган ёшдаги инсон ўзини ВМХ йўналишида синаб кўриши мумкин.

2022 йил Сенегалда бўлиб ўтадиган тўртинчи ўсмирлар Олимпия ўйинлари дастурига ушбу спорт тури киритилган. Бундай замонавий иншоотнинг қурилиши нафақат шоссе ва трек, балки ВМХ йўналишида ҳам ўсмирлар ва катталар Олимпиадаларига муносиб тайёргарлик кўриш имкониятини тақдим қилади.