ЖССТ безгакка қарши дунёдаги биринчи вакцинани маъқуллади

ЖССТ безгакка қарши дунёдаги биринчи вакцинани маъқуллади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти безгакка (малярия) қарши дунёдаги биринчи вакцинанинг оммавий қўлланишини маъқуллади. Бу ҳақда ташкилот сайтида эълон қилинган, деб ёзади Meduza.

Mosquirix савдо бренди остида тарқатиладиган вакцина синовларининг сўнгги босқичи 2019 йилдан буён давом этаётганди, синовларга Гана, Кения ва Малавида яшовчи 800 мингдан ортиқ бола жалб қилинган.

Вакцина чекланган самарадорликни кўрсатди — у фақат 39 фоиз ҳолларда инфекциянинг олдини олган ва 29 фоиз ҳолларда касалликнинг оғирлашиш эҳтимолини камайтирган. Аммо безгакка қарши дорилар билан биргаликда вакцинанинг жиддий касаллик ва ўлимга қарши самарадорлиги 70 фоизгача кўтарилган.

ЖССТ вакцинанинг тасдиқланишини «тарихий лаҳза» деб атади.

Африкада безгак ҳар йили юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлади, уларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалар. 2019 йилда қитъадаги 386 минг аҳоли безгак қурбонига айланганди. Таққослаш учун: Африкада пандемия бошланганидан буён 212 минг киши коронавирусдан вафот этган.

Безгакка қарши вакцинани яратиш устида 30 йилдан кўпроқ вақт давомида иш олиб борилмоқда.

Маълумот учун, безгак одамларга чивин чақиши орқали юқадиган юқумли касаллик. У ўзи билан иситма, титроқ, жигар ва талоқ шишишини олиб келади. Ҳар йили бир неча юз миллион одам безгак билан касалланади.