ЖССТ: Европа ва АҚШда болалар ўртасида номаълум хасталик тарқалмоқда

ЖССТ: Европа ва АҚШда болалар ўртасида номаълум хасталик тарқалмоқда

Дунёнинг қатор мамлакатларида болалар ўртасида номаълум инфекция тарқалмоқда. Касаллик кичик ёшли беморларнинг жигарига зиён етказиб, оғир ҳолатларни келтириб чиқаряпти. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ҳозир Буюк Британияда 74, Испанияда 3 ва Ирландияда 4 та шундай ҳолат бўйича текширувлар бошланган.

АҚШда эса 9 та нохуш вазият бўйича тергов олиб бориляпти. Уларнинг барчаси Алабама штатида рўйхатга олинган. Беморлар — 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар. Ушбу сирли касаллик улардан икки нафарида жигар трансплантациясига муҳтожликни юзага келтирди. 

Ҳозир соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари бошқа штатларда ҳам бу сингари ҳолатлар юз берганми, йўқми, шу ҳақда маълумотлар тўплашяпти. 

ЖССТга мазкур ноодатий хасталик тўғрисида илк бор шу йилнинг апрель ойида хабар келиб тушган. Кейинроқ Шотландияда 10 нафар бола жигар зарарланиши билан шифохонага ётқизилгани маълум бўлди. Беморлардан бири январь ойида, қолган тўққиз нафари эса март ойида хасталикка чалинган. Уларнинг барчасига гепатит ташхиси қўйилган. 

Болакайларда сарғайиш, диарея ва қорин оғриғи каби умумий белгилар мавжуд эди. Ўшандан буён Буюк Британияда яна камида 64 та шундай ҳолат аниқланди. Шукрки, беморлардан ҳеч бири вафот этгани йўқ. Аммо энди олти нафари жигар трансплантациясига муҳтож. 

Лаборатория текширувларида ушбу касалликни келтириб чиқарувчи инфекция гепатит А, В, С ва Е вируслари эмаслиги маълум бўлди. Мутахассислар бу ҳолат аденовируслар тарқалиши кучайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган фикрда. 

Чунки ана вируснинг айрим турлари нафақат иситма, томоқ оғриғи, йўтал, балки ошқозон ва ичакларнинг яллиғланиши каби асоратларни ҳам келтириб чиқариши кузатилган. 

ЖССТ баёнотида айтилишича, касалликнинг ўзига хос вируслар билан боғлиқлигини аниқлаш учун кўпроқ лаборатория текширувлари зарур. Бироқ ташкилот ҳозирча ушбу номаълум хасталикка доир ҳеч қандай эпидемиологик хавфни эълон қилгани йўқ.