ЖССТ: «ҳиндча» штамм «асл» коронавирусдан икки карра юқумлироқ

ЖССТ: «ҳиндча» штамм «асл» коронавирусдан икки карра юқумлироқ

Коронавируснинг Ҳиндистонда аниқланган делта штамми вируснинг Уханда пайдо бўлган «асл» вариантидан икки баравар юқумлироқ. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош тадқиқотчиси Сумя Сваминатанга таяниб, «РБК» хабар берди.

ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, ушбу штаммга чалинган одам инфексияни «икки эмас, балки тўрт, олтита ва ҳатто саккиз» кишига юқтириши мумкин.

Сваминатан пандемия бошланган пайтга нисбатан ҳозирги кунда коронавирус билан оилавий касалланиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлади. У делта варианти тез орада дунё бўйлаб устунликка чиқишини истисно қилмади, илгари бу ҳолат алфа вариант («британча» штамм) билан содир бўлган эди.

Мутахассис мавжуд ваксиналарнинг аксарияти «ҳеч бўлмаганда касалликнинг оғир кечишига йўл қўймаслик учун» самарали бўлиб қолишини қўшимча қилди.

Коронавируснинг делта варианти 2020 йилнинг октябрида Ҳиндистонда топилган. ЖССТ маълумотларига кўра, ушбу штамм июн ойи ўрталарига келиб 90 дан ортиқ мамлакатда қайд этилган. Юқумлилик даражасининг юқори экани ва чекловларнинг бир қисмидан воз кечиш унинг кенг тарқалишига сабаб бўлди. Ташкилот мутахассиси Мария ван Керкховенинг таъкидлашича, дастлабки маълумотларга кўра делта варианти касалликнинг оғир кечиши хавфини оширади. Бироқ янги штаммнинг бошқаларига қараганда кўпроқ ўлимга сабаб бўлиши ҳақида далиллар йўқ.