ЖССТ компьютер ўйинларига ружу қўйишни касаллик деб тан олди

ЖССТ компьютер ўйинларига ружу қўйишни касаллик деб тан олди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2022 йил 1 январдан компьютер ўйинларига ҳаддан ортиқ ружу қўйишни касаллик деб тан олди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар қилинди.

Компьютер ўйинларига ружу қўйиш ташкилот 10 йил давомида ишлаб чиққан Халқаро касалликлар таснифига (ХКТ-11) киритилган. Касаллик хулқ-атворнинг аддиктив бузилиши (ружу қўйиш) деб таснифланади.

Бир неча йил илгари ЖССТ видео ўйинларни алоҳида касаллик деб ажратган эди, бироқ ҳозирча унга ташхис қўйиш ва даволашнинг ҳамма тан олган тизими йўқ.

Хитойда вояга етмаганлар учун онлайн ўйинларга кескин чоралар жорий этилди. Мутахассислар компьютер ўйинларига ҳаддан зиёд берилиш нафақат тобелик, балки бола соғлиғи учун салбий оқибатларни келтириб чиқаришини таъкидлашмоқда. Бундай болаларда кўриш қобилияти сусайиши, умуртқанинг қийшайиши, уйқусизлик кузатилиши мумкин.

Компьютер ўйинларига муккасидан кетган болаларнинг ўқишдаги ўзлаштириши ёмонлашиши, серзардалик ва тажовузкорлик кузатилиши мумкин.