ЖССТ коронавирусга қарши илк вакцинани фойдаланиш учун тасдиқлади

ЖССТ коронавирусга қарши илк вакцинани фойдаланиш учун тасдиқлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти илк марта коронавирусга қарши вакцинани фойдаланиш учун яроқли деб топди ва уни фавқулодда ҳолатда ишлатиш мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида ёзилди.

АҚШнинг Pfizer компанияси ишлаб чиқарган вакцина ЖССТдан расман рухсатнома олди: «Бугун Pfizer вакцинаси COVID-19 вирусига қарши ишлатиш мумкин бўлган препарат сифатида фавқулодда рухсатнома олди. Бизнинг текширувлар вакцина барча кўрсатилган талабларга мос келиши, керакли даражада хавфсиз ва самарали эканини кўрсатди. Коронавирусга қарши курашда Pfizer вакцинасидан фойдаланиш учун керакли даражада хавфсиз деб топилди», дейилади ЖССТ баёнотида.

Маълумот учун, ЖССТ бирор препаратдан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун касаллик устида ўтказилган барча тадқиқот натижалари аниқ бўлмаган ёки касалликка қарши курашиш учун дори воситаси жуда зарур бўлган ҳолатда рухсат бериши мумкин. Ҳозирда Pfizer'га тақдим этилган рухсатнома фавқулодда ҳисобланади ва кейинчалик тўлиқ ўрганишлар якунлангач, рухсатнома доимий фойдаланиш учун берилиши мумкин.

ЖССТ рухсат берган вакцина АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech фарамцевтика компаниялари томонидан ишлаб чиқилган. Ундан фойдаланиш учун ўнлаб мамлакатларда расман рухсат берилган. Хусусан, Европа Иттифоқи ўз ҳудудида Pfizer вакцинаси билан эмлашга рухсат берган. Бу вакцинани АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон каби дунё етакчилари қабул қилган. Бугунгача дунё бўйлаб ўн миллионлаб одамлар Pfizer вакцинаси билан эмланиб улгурди.