ЖССТ коронавируснинг янада хавфлироқ штамми пайдо бўлишидан огоҳлантирди

ЖССТ коронавируснинг янада хавфлироқ штамми пайдо бўлишидан огоҳлантирди

Дунёда коронавируснинг янада хавфлироқ тури пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус айтиб ўтди, деб ёзмоқда «РБК»

«Ҳозирда ҳалокатли оқибатларга олиб келаётган дельта вариантидан ҳам хавфлироқ штаммлар пайдо бўлмоқда. Штаммлар қанчалик кўпаяверса, улардан бирортаси вакциналарни шунчаки четлаб ўтиши эҳтимоли ошади, натижада ҳаммасини қайтадан бошлашга мажбур бўламиз», — деди у у Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) 138-сессиясида.

ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, аҳолининг етарли қисми эмланган тақдирдагина пандемия тўхташи мумкин. Шунинг учун 2021 йил охирига қадар ҳар бир мамлакат аҳолисининг 40 фоизи, кейинги йил ўрталарига келиб эса камида 70 фоизи эмланиши керак.

«Агар ушбу мақсадларга эришилса, биз пандемияни тугатиш ва глобал иқтисодиётни тиклашга муваффақ бўламиз», — деди ЖССТ раҳбари.

Ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, ҳақиқий сиёсий мажбуриятларнинг йўқлиги пандемиянинг давом этишига сабаб бўлмоқда. Унинг фикрига кўра, дунёнинг етакчи мамлакатлари коронавирусга қарши вакциналарни биргаликда баҳам кўрса ва препаратларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун имтиёзлар яраца, пандемияни назоратга олиш мумкин бўлади. «Ҳаммага маълумки, коронавирусга киритилган сармоя, одамларнинг ўлимига сабаб бўлувчи бошқа воситаларга сарфланадиган маблағнинг жуда кичик қисмини ташкил қилади», — дея қўшимча қилди Гебрейесус.