ЖССТ: “Омикрон” билан касалланиш ҳолатлари ҳар 2-3 кунда икки баробар ортмоқда

ЖССТ: “Омикрон” билан касалланиш ҳолатлари ҳар 2-3 кунда икки баробар ортмоқда

Коронавируснинг янги штамми дунё бўйлаб қанчалик тез тарқалаётган бўлса, жаҳон олимлари ҳам бу мутациянинг хавфли томонлари, хусусияту асоратларини шундай шиддат билан тадқиқ этмоқда. Натижада “омикрон” ҳақида кунига янгидан-янги маълумот ва хулосалар пайдо бўляпти.

Масалан, ЖССТнинг COVID-19га қарши курашиш бўйича махсус вакили Дэвид Набарронинг қайд этишича, ушбу штамм билан касалланиш ҳолатлари ҳар 2-3 кунда икки баробар ортиб бораётир.

Хавотирли жиҳати, бу борадаги кўрсаткичлар бир ҳафта ичида 8 баробар ошиши мумкин. Икки ҳафтадан сўнг эса вазият 40 баробар хавфлироқ тус олиши эҳтимоли катта.

Ўшанда бундай ўта мураккаб эпидемиологик ҳолат, энг аввало, Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизимини жуда танг аҳволга солиб қўяди. Европа, қолаверса, жаҳоннинг бошқа мамлакатлари ҳам пандемиянинг янги тўлқинидан катта зарар кўради.

Аслида, Буюк Британияда ҳозирнинг ўзидаёқ аҳвол ташвишланарли. 15 декабрь ҳолатига кўра, бу ерда коронавирус билан кунлик касалланиш ҳолатлари қарийб 78 мингтага етган.

Яқинда Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид мамлакатда “омикрон” қайд этилган беморлар сони 4,7 минг нафарни ташкил этаётганини маълум қилган эди. Орадан 3 кун ўтиб бу кўрсаткич 10 мингтага етди.

Шунга қарамай, мутахассислар вакцинация самарасига катта умид боғлашяпти. Хусусан, қўшимча дозада эмланганлар “омикрон”дан ишончли ҳимояланиши ёки уларда касаллик енгил ўтиши айтиляпти.