ЖССТ "омикрон"нинг бир неча ой ичида бутун дунё бўйлаб тарқалишидан хавотирда

ЖССТ

Коронавируснинг “омикрон” штамми аниқланганидан буён бир ойдан зиёд вақт ўтди. Бу орада мазкур юқумли мутация ҳақида олимлар қатор хулосаларини ҳам айтишди. 

Шулардан навбатдагиси Жанубий Африка Республикаси тадқиқотчиларига тегишли. Олиб борилган изланишлар якунида қизиқ бир факт аниқланди. Яъни янги штамм билан касалланган организм "дельта" вариантини зарарсизлантирувчи антитаначалар ишлаб чиқаради.

Тажриба учун 30 га яқин одам жалб қилинди. Уларнинг бир қисми коронавирусга қарши эмланганлар бўлса, қолгани вакцина олмаган қатлам орасидан танланди. Ҳали тадқиқот хулосалари халқаро доирада тасдиқлангани йўқ. Шунга қарамай, “омикрон”нинг қисқа муддатда доминант вариантга айланаётгани бу хулосалар асоссиз эмаслигини ифодалайди. 

Лондон Қироллик коллежи профессори Тим Спектор эса янги штамм белгилари эмланган ва эмланмаганларда ўзаро фарқли аломатлар билан намоён бўлишини аниқлади. 

Унинг айтишича, “омикрон”ни юқтирган эмланган беморларда кўнгил айниши ва иштаҳа йўқолиши, баъзан қайт қилиш ҳолатлари кузатилган. Аммо тана ҳарорати кўтарилмаган. Шунингдек, улар бош ва томоқ оғриғидан шикоят қилишган. 

Бироқ хавотирли жиҳати, бу вирус турининг дунё бўйлаб тарқалиш суръати ҳам, юқиш кўрсаткичлари ҳам пасайгани йўқ. Масалан, сўнгги кунларда Буюк Британияда “омикрон” билан касалланганлар сони 110 мингдан ошди. Мамлакатда қайд этилаётган янги ҳолатларнинг 90 фоизини шу штамм ташкил этяпти.

Шунингдек, Норвегия пойтахти Ослода янги мутация доминант вариантга айланган бўлса, Австралияда “омикрон”дан биринчи ўлим қайд этилди. Бельгия ҳукумати эса пандемиянинг навбатдаги тўлқини туфайли янги чекловларни жорий этишга мажбур бўлди. 

Унга кўра, кинотеатр, театр ва концерт заллари ёпилмоқда, байрам бозорлари муддатидан олдин ёпиляпти, энди болалар ҳам жамоат жойларида ниқоб тақиб юришлари шарт. Қатор компаниялар масофавий иш режимига ўтяпти. 

Қолаверса, Янги йил байрами арафасида “омикрон” тарқалиши сабабли дунё бўйича тўрт мингга яқин авиарейслар бекор қилинди. Шундан мингдан зиёди АҚШ ҳиссасига тўғри келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг прогнозига кўра, янги штамм бир неча ой ичида бутун дунё бўйлаб тарқалади.