ЖССТ: Сўнгги ҳафтада дунёда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари 71 фоизга ошган

ЖССТ: Сўнгги ҳафтада дунёда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари 71 фоизга ошган

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, шу кунгача “омикрон” штамми аниқланган мамлакатлар сони 126 тага етди.

Ҳатто ушбу мутация тури юртимиз чегарасига қадар етиб келгани хавотирли ҳолат. Хусусан, янги вариант Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида етти ва Нур-Султонда бир кишида қайд этилган.

Шунингдек, Ироқда ҳам кеча илк бор беш нафар беморда “омикрон” рўйхатга олинди. Уларнинг барчаси хорижий давлатларда сафарда бўлиб қайтган фуқаролардир. 

Бразилияда эса янги штаммдан дастлабки ўлим ҳолати кузатилди. Кекса ёшли бемор шифохонада вафот этгани айтилмоқда. Маълум бўлишича, марҳум гипертония ва сурункали ўпка касаллигидан азият чеккан.

ЖССТ техник гуруҳи раҳбари Мария Ван Керкховенинг таъкидлашича, сўнгги ҳафтада дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 71 фоизга ошгани ташвишланарли вазият. 

Мисол учун, 31 декабрь ҳолатига кўра, жаҳон бўйича COVID-19га чалиниш кўрсаткичлари 1 миллион 670 мингдан зиёд эди. Кеча эса бу рақамлар 2 миллион 400 мингдан ошди.

Чиндан ҳам, рекордлар кун сайин янгиланмоқда. Айниқса, Европада эпидемиологик вазият анчайин мураккаб. Аммо деярли ҳеч бир мамлакат Канада каби кучли карантин чекловларини жорий этгани йўқ. 

Негаки, мамлакатда бундан роппа-роса бир ой аввал коронавирусдан кунлик касалланиш кўрсаткичлари 3 минг атрофида эди. Ҳозир эса бу рақамлар қарийб 13 баробар юқори. 

Шу сабабли Онтарио ва Квебек штатларида мактаблар, ресторан ва барлар, спорт заллари тўлиқ ёпилган. Квебекда комендантлик соати ҳам амалда. Унга кўра, кечки соат 22:00дан кейин кўчага чиққанлар 6000 долларгача жаримага тортиляпти. 

Европадаги қатор давлатлар эса бундай кучли чекловлар қўллашдан ҳозирча тийилмоқда. Мисол учун, “омикрон”дан энг кўп жабр чекаётган Буюк Британия ҳукумати локдаунга қайтишга бутунлай қарши. Жумладан, мамлакат Бош вазири Борис Жонсон "Биз ушбу вирус билан яшаш йўлини топа оламиз" деб баёнот берди.

Худди шундай, СOVID-19ни кунлик юқтириш ҳолатлари миллионга яқинлашаётган АҚШ ҳам ҳамон очиқлигича қолмоқда. Баъзи штатлардаги жорий чекловлар эса асосан эмлаш паспортлари ҳамда тиббий ниқоблар билан боғлиқ.

Тўғри, Ҳиндистон ва Жанубий Африка Республикасида омикрон эпидемиясига қарши курашиш учун комендантлик соати жорий этилди. Бироқ ҳар икки давлатда ҳам ёпиқ йиғилишларни ўтказишга доир чекловлар Квебекка нисбатан бирмунча енгил. 

Масалан, Ҳиндистоннинг Карнатака штати комендантлик соатини жорий қилди. Лекин бу ерда тамаддихоналар ва кинотеатрлар ўз фаолиятини тўлиқ тўхтатгани йўқ.