«Журналист ва блогерларнинг маҳаллий органларнинг дунёқарашини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлари менга жуда маъқул келмоқда» – Шавкат Мирзиёев

«Журналист ва блогерларнинг маҳаллий органларнинг дунёқарашини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлари менга жуда маъқул келмоқда» – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Юнусобод тумани фаоллари билан учрашувда журналист ва блогерлар фаолияти тўғрисида ҳам сўз юритди.

«Оммавий ахборот воситалари бировга ёқади, бировга ёқмайди. Лекин журналист ва блогерларнинг адолатли ҳақиқатни ёзиб, ҳар бир давлат идоралари, умуман, маҳаллий органларнинг дунёқарашини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлари менга жуда маъқул келмоқда ва бундан ҳеч қачон орқага қайтмаймиз, мана шуни билишларингиз керак. Натижадорлик, ҳақиқат ва одамларни рози қилиш нуқтаи назардан ҳаракатларимиз бошланди ва буни асло тўхтатмаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбирда Президент ташқи сиёсат масалаларига ҳам тўхталди.

«Қўшниларимиз билан миллат тинчлиги ва миллат келажаги учун, албатта, яхши муносабатда бўлишимиз керак. Қатор давлат раҳбарлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибман. Чунки дўстлик ҳар тарафлама фойдали. Биз бошқа мамлакатлар сингари океанлар бўйида жойлашган эмасмиз, бозорга чиқиш, иқтисодиётни ривожлантириш бўйича энг жиддий муаммолардан бири бу – йўл. Афғонистон орқали Покистонга чиқадиган темир йўл лойиҳасини имзоладик. Бу бизга катта имкониятлар беради», — деди давлат раҳбари.