Журналистларга уюштирилаётган ҳужумлар кескин қораланмоқда

Журналистларга уюштирилаётган ҳужумлар кескин қораланмоқда

Сўнгги пайтларда Исроил ва Фаластин ўртасида кечаётган қуролли можароларнинг кескинлашиб кетгани, Исроил мудофаа кучларининг Ғазо секторидаги тинч аҳоли яшайдиган даҳаларга, жумладан, оммавий ахборот воситалари жойлашган биноларга ҳужум уюштираётгани халқаро ҳамжамиятнинг кучли хавотирига сабаб бўлмоқда.

Куни кеча Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) БМТ Хавфсизлик Кенгашини Исроил армиясининг Шарқий Қуддус ва Ғазо секторида журналистларга уюштираётган ҳужумларига чек қўйиш учун кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришга чақирди.

Аввалроқ, Исроил армиясининг ҳаво ҳужуми оқибатида Ғазодаги журналистлар фаолият олиб бораётган 15 қаватли бино вайронага айланган эди. Бинода оммавий ахборот воситалари, жумладан, Ассошиэйтед Пресс агентлиги ва Al-Jazeera телеканали офислари жойлашган.

Хабарда айтилишича, Исроил сўнгги бир соат ичида бинога ҳужум уюштирилиши ҳақида огоҳлантирган. Халқаро журналистлар федерацияси ушбу ҳужумни кескин қоралаган. Ташкилот тарқатган маълумотда айтилишича, Ғазо секторида 30 нафардан зиёд журналист қўлга олинган ёки ҳужум нишонига айланган.

IFJ Исроил ҳукуматига, БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзосига Исроилнинг оммавий ахборот воситаларига аввалдан режалаштирилган ҳужумларини тўхтатишни ва ОАВ ва журналистларга тизимли равишда ҳужум уюштиришни бас қилишга чақирган.

“Улар Ғазо секторида кечаётган воқеаларни ёритиб бораётган журналистларни жим туришга мажбурлашга уринмоқда”, дейилади хабарда.

Халқаро журналистлар федерацияси бош котиби Энтони Белланжернинг сўзларига кўра, Исроил ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бузмоқда.

Бундан аввалроқ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Исроилдан халқаро оммавий ахборот воситалари офисларига берилаётган зарбаларини асослашни талаб қилиб чиққан эди. Қўмита раҳбари Жоэл Саймоннинг баёнотига кўра, Ғазо секторидаги воқеаларни ёритиб бориш журналистларнинг вазифаси ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, ЦАХАЛ журналистларга халақит бериш учун ҳарбий воситалардан фойдаланмоқда.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти (RSF) Исроилни ҳарбий жиноятларни амалга ошираётганликда айблаб чиқди. Ташкилот сайтида Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ОАВ офисларига уюштирилган ҳужумлари кескин қораланди.

Ташкилот Халқаро жиноий суд прокурори Фата Бенсудига Исроилнинг ОАВ офисларига уюштирган авиазарбаларини жиноий иш сифатида кўришга чақирган. Хабарда таъкидланишича, Исроил амалга оширган авиазарбалар натижасида ўтган ҳафта давомида 23 та ОАВ офиси вайрон қилинган.

"Оммавий ахборот воситаларига ҳужум уюштирилиши ҳарбий жиноят ҳисобланади. Исроил мудофаа кучларининг атайлаб ОАВ объектларини йўқ қилиши нафақат янгиликлар тарқатилишига, балки тинч аҳолига алоқадор можароларни ёритишга ҳам тўсқинлик қилади. Биз Халқаро жиноятлар суди прокурорини ушбу авиазарбалар ҳарбий жиноят ҳисобланадими йўқми, аниқлик киритишига чақирамиз", дейди ташкилот бош котиби Кристоф Делуар.

Исроил томони изоҳ беришича, мазкур бино ХАМАС ҳаракати томонидан ҳарбий мақсадларда ишлатилган. Хусусан, бинода ХАМАСнинг разведка хизмати жойлашган бўлган. Бунгача Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги "ал-Жавҳар" ва "аш-Шурук" офислари жойлашган биноларни ҳам вайрон қилган эди.