Канада Ўзбекистонда виза маркази очишни режалаштиряпти

Канада Ўзбекистонда виза маркази очишни режалаштиряпти

Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи - Вашингтонда) Жавлон Ваҳобов Канаданинг Ўзбекистондаги элчихонаси (қароргоҳи - Москвада) миграция масалалари бўйича маслаҳатчиси Даниэль Унрау билан музокаралар ўтказди, дея хабар бермоқда "Дунё" АА .

Тадбир давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон фуқароларининг хорижга меҳнат миграциясини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Канадага кириш визалари олишнинг тартиб ва шартлари муҳокама қилинди.

Даниэль Унрау Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ёшларни хорижий давлатларнинг меҳнат бозорларида талаб юқори бўлган 20 дан ортиқ касбга ўқитиш учун "моно-марказлар" ташкил этилгани, инглиз, корейс, рус ва япон тилларини ўргатиш учун хорижий мутахассислар жалб қилинаётганини юқори баҳолади.

Канадалик дипломат Ўзбекистон ва унинг хорижий шериклари ўртасида Ўзбекистон фуқароларининг Россия, Жанубий Корея, Япония, БАА, Польша ва бошқа мамлакатларга уюшган меҳнат миграциясини ташкил қилиш бўйича эришилган келишувларни қўллаб-қувватлади.

Канадалик дипломатнинг эътибори Марказий Осиёда энг кўп ёшлар истиқомат қиладиган Ўзбекистонда Канада виза марказини очиш зарурлигига қаратилди. Ваколатхона ташкил этилиши фуқароларимизнинг икки мамлакат ўртасида ҳаракатланишига катта ёрдам беради.

Даниэль Унрау дипломатик ваколатхонамиз фикрини қўллаб-қувватлаб, Тошкентда Канада дипломатик ваколатхонаси ва виза марказининг йўқлиги Ўзбекистон фуқаролари учун Канада визаларини олиш жараёнига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда Канада виза марказининг очилиши ва фуқаролар учун иммиграция ҳужжатларини тўғри рўйхатдан ўтказиш бўйича тегишли веб-семинарларнинг ташкил этилиши уларга Канада визаларини олишни осонлаштириши мумкин, деди дипломат.

Даниэль Унрау сўзларига кўра, ҳар бир виза аризаси Канада Иммиграция хизмати ходимлари томонидан синчковлик билан текширилишини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон томони ташқи меҳнат миграциясини самарали амалга ошириш учун меҳнат муҳожирларига тегишли виза ҳужжатларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиши керак.

Канадада, хусусан, Квебек провинциясида француз тилида сўзлашадиган чет эллик мутахассисларга бўлган талаб юқори экани, ушбу тилни билиш танлов жараёнида қўшимча балл ва бошқа имтиёзлар тақдим этишини ҳисобга олган ҳолда, Даниэль Унрау меҳнат муҳожирларига француз тилини ўргатишга алоҳида эътибор беришни тавсия қилди.

Музокаралар натижасида пандемия билан боғлиқ вазият яхшилангандан сўнг Ўзбекистонда Канада виза марказини очиш, шунингдек, феврал ойи охирида Канада фуқаролик, иммиграция ва қочоқлар ишлари бўйича вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакилларининг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун учрашувини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.