Канадада Ўзбекистонлик оила ўз шахсий самолётида ҳалокатга учради

Канадада Ўзбекистонлик оила ўз шахсий самолётида ҳалокатга учради

Ўзбекистонлик Отабек ва унинг оиласи 27 ноябр куни ўзларининг олти кишилик хусусий учоғида Торонтодан 200 км шарқда ерлашган Кингстон шаҳрига учиб, манзилга бир километрча қолганида қулаб тушишди. 7 киши вафот этди. Улар орасида 3 нафар бола бўлган. Бу ҳақда Канадада яшаётган колумнистимиз Бахтиёр Шоҳназар хабар бермоқда.

Улар йўлда кучли шамол ва ёмғир сабабли, Кингстон аэропортига қўниш учун йўналишган. Лекин, аеропортдан бир неча километр узоқда шаҳар четидаги ўрмонга қулаб тушган.

Ҳодиса гувоҳлари айтишича, қаттиқ гумбурлаган товуш эшитилган. Ҳалокатда Американинг Техас штати бошкенти Ҳюстонда яшаётган Ўзбекистонлик Отабек Облоқулов, турмуш ўртоғи, 15, 10 ва 3 ёшли болалари билан бирга Торонтода яшайдиган икки нафар қариндоши қурбон бўлишган.

Торонтолик Бобомурод Набиев ИТ мутахассиси ўлароқ ишлаётганди. Ўзбекистондан уйланиб, хотини Канадага келиши учун ҳомийлик қилган ва турмуш ўртоғи яқинда етиб келган.

"Отабек билан ўтган март ойида Чикагода ўтказилган Наврўз байрамида танишиб, гаплашгандик. Мен унга ўғлим учувчилигини айтсам, "менинг ҳам учоғим бор, Ҳюстондан ўзим учиб келдим" деганди.

Раҳматлик жудаям хайрсевар киши эканлигини эшитгандим.

Яқинларига сабр-тоқат беришини, жойллари жаннатда бўлишини дуо қилиб қоламиз" деб ёзди Бахтиёр Шоҳназар.

Knopka.ca сайтининг ёзишича, ҳалокатга учраган Piper PA-32R енгил моторли самолётини излаб топишга бир неча соат сарфланди. Самолёт етиб бориш қийин, ботқоқ ерга қулаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Piper PA-32R самолёти АҚШда рўйхатдан ўтказилган, Баттонвил аэропортидан Квебек шаҳрига кетаётган бўлган.