Карантин харажатларини тадбиркорга юклаш бизнесни буткул хароб қилиши мумкин - иқтисодчи

Карантин харажатларини тадбиркорга юклаш бизнесни буткул хароб қилиши мумкин - иқтисодчи

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповга кўра, фаолияти қайта йўлга қўйилаётган тадбиркорлик субъектларида коронавирус аниқлангани тақдирда, карантин харажатларини уларнинг ўзига юклаш ҳақида республика махсус комиссияси чиқарган қарор "шундоқ ҳам зўрға нафас олаётган бизнес"ни янада мушкул аҳволда қолдиради.

"Бундай йўл билан шундоқ ҳам зўрға нафас олаётган бизнесни мутлақ хароб қилиш мумкин", деб ёзди иқтисодчи сешанба куни ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Би-Би-Си эълон қилган мақолада ана шу мавзуга назар ташланади.

Аввалроқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков фаолияти қайта йўлга қўйилаётган тадбиркорлик субъектларида коронавирус аниқлангани тақдирда карантин харажатларини уларнинг ўзига юклаш ҳақида ҳукумат комиссияси чиқарган қарорни ҳимоя қилиб чиққан эди.

Мулозимнинг душанба куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилишича, мақсад тадбиркорлик субъектларини масъулиятни тўлиқ ҳис қилиши ва карантин тадбирларига қатъий риоя этишга эришиш.

Отабеков янги тартибдан асосий мақсад карантин харажатларини тадбиркорларнинг бўйнига қўйиш экани ҳақида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган фикрни рад этган.

"Яна бир марта таъкидламоқчимиз. Бу асосий мақсад эмас. Асосий мақсад республикада оғир меҳнатлар эвазига жиловланган эпидемик вазиятни мураккаблаштириб юбормаслик, яна карантин ва чеклов тадбирларининг кескин ва қаттиқ бўлишига йўл қўймаслик. Мана шу республика комиссиясининг асосий мақсади", - дея таъкидлаган Ўзбекистоннинг бош давлат санитари инспектори.

Қандай исботлайди?

14 июнь куни республика махсус комиссияси "қизил", "сариқ" ва "яшил" ҳудудларга ажратиш тартиби ва кучайтирилган санитария-гигиена назорати 1 августга қадар сақлаб қолинишини эълон қилган.

Махсус комиссия қарорининг фаолияти қайта тикланаётган тадбиркорлик субъектларига янги мажбурият юклаш ҳақидаги банди ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлди.

Қарорда "Карантин чекловлари шароитида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларига (қурилиш, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари ва б.) тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши" белгиланган.

Айрим ўзбекистонликлар ҳатто умумий овқатланиш корхонаси ишчисида инфекция аниқлангани тақдирда ҳам унинг вирусни айнан иш жойида юқтиргани ва бунга иш берувчининг карантин талабларига риоя қилмагани сабаб эканини исботлаш имконсиз эканини таъкидлашмоқда.

"Ахир бу бемаънилик-ку. Мен бўш вақтини ўзи хоҳлаган ерда ўтказадиган ва яна қанча одам ва танишлари билан мулоқот қиладиган ишчиларим учун қандай жавоб беришим мумкин? Республика махсус комиссиясининг бу қароридан ҳеч нарсани тушунмадим. Қачон изоҳ берилади? Балки бирдан Хитойга ҳисоб кўрсатиш керакдир? Тадбиркорларга эмас", деб ёзган Фэйсбукдаги "Потребитель.уз" гуруҳи аъзоларидан бири.

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков эса касаллик айнан қаерда юққанини исботлаш мумкин, демоқда.

Унинг сўзларига кўра, бунинг учун махсус эпидемиологик суриштирув олиб борилади.

"Эпидемиологик суриштирувлар пайтида барча имкониятлар ишга солинади. Аввало, касаллик қаерда юққани гумон қилинади. Сўнг бу гипотеза тасдиқланиши керак бўлади.Тадбиркорлик субъектига касаллик юқтиргани айбини қўйиш асосий мақсад эмас. Тадбиркорлик субъектлари касаллик юқтириш учун шарт-шароит яратиб бермаганини исботлаш имконига эга. Буни санитария ҳолатини назорат қилиб турадиган масъуллар ҳам кўриши мумкин", - деб айтган Отабеков.

У ҳар бир тадбиркорлик субъектига санитария врачини бириктиришнинг имкони йўқлигини айтиб, корхоналар эгаларига видеокузатув камералари ўрнатишни тавсия қилган.

Аммо мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрича, бош санитария инспекторининг тавсияси "айбсизлик презумпцияси"га зид.

"Мен бош инспектор ҳуқуқшунос бўлмагани важидан айбсизлик презумпцияси мавжудлигидан бехабар бўлиши мумкинлигини тушунаман. Унга мувофиқ, гумондор ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас... Эҳтимол, бу каби "тарихий қарор"ларни олишдан аввал ҳуқуқшуносдар ва иқтисодчилар билан маслаҳатлашиш керакдир? , - дейди Юлий Юсупов.

"Қонунга зид"

Telegram даги PravomediaUz канали махсус комиссия қарори "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунга зид келиши ҳақида ёзган.

Қонунга мувофиқ, "тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар ... эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради".

PravomediaUz, шунингдек, ҳукумат комиссияси қарорида Covid-19 дан зарарланиш ҳолати айнан тадбиркорлик субъектига ташриф чоғида юз бергани қандай тартибда исботланиши ва қарор қачонгача амал қилишига аниқлик киритмаганига эътибор қаратади.

Ваколатлари аниқлаштирилмаган махсус комиссия

Бу республика махсус комиссиясининг баҳсларга сабаб бўлаётган биринчи қарори эмас.

"Умид қиламанки, қатор демократик давлатларда бўлаётгани каби бизда ҳам карантин даврида ваколатлари аниқлаштирилмаган Махсус комиссия томонидан эълон қилинган қарорлар ва бу қарорлар доирасида амалга оширилган низоли ва баҳсли, амалдаги қонунчиликка зид ишлар юзасидан судларга якка тартибда ва жамоавий даъволар киритилади", деб ёзди Телеграмдаги Bakiroo канали асосчиси Отабек Бакиров.

Унинг фикрича, жамоатчилик туман ва вилоятларнинг рангини ўзгартиришда, бизнесларга рухсат беришда қоидалардан кўра истиснолар кўплигига кўникиб бўлди.

Тошкентда 7 июнь куни 183 нафар ишчиси коронавирус юқтириб олгани маълум қилинган компания номининг ошкор этилмаганини блогер "иккиюзламачилик" деб атайди.

"Ушбу компания номи ошкор қилинмади ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги буни ўша компаниянинг обрўйига зарар етказиш мумкинлиги билан изоҳлади. Ўша қурилиш компанияси ҳеч нима бўлмагандек фаолиятини қурилиш объектларида ҳам, сотув офисларида ҳам давом эттираяпти. 15 июнь куни иккита банкнинг иккита кичкина филиалида биттадан (!) коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланган. Банкнинг номи ҳам, филиалларнинг номи ҳам очиқ-ойдин айтилди. Молия муассасалари вақтинча карантинга олинган. Очиқланиш бу банкларнинг обрўйига зарар етказиш мумкин деб юзхотирчилик қилинмади", деб ёзди Телеграмдаги Bakiroo канали.