Бугун АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Давлат хизматлари агентлиги матбуот котиби Севара Зокирова кучайтирилган карантин шароитида фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб берди.
— Карантинда Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ишлаяптими? Уларга қандай мурожаат қилишим мумкин?
— Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча давлат хизматлари электрон шаклда my.gov.uz портали орқали онлайн тарзда ва фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина идораларда амалга оширилмоқда.
ФҲДЁ бўлимларида фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш учун) ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилмоқда.
Шунингдек, идораларимиздаги ходимлар меҳнат таътилига чиқарилганлиги ва ходимларнинг бир қисми масофадан туриб ишлашга ўтганлиги сабабли идоралар фаолиятида айрим узилишлар бўлиши мумкин.