Карантинни бузган коронавирусни юқтириб олган шахс жазоланди

Карантинни бузган коронавирусни юқтириб олган шахс жазоланди

2020 йил 22 март куни аёл М.Т. (1964 й.т.) Республика вирусология илмий текширув институтига ўзида коронавирус (Covid-19) касаллиги мавжудлигини текшириш мақсадида қон таҳлилларини топшириб, натижаларини кутмасдан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган қоидаларни бузиб, Қибрай тумани, Рохатбахш кўчасидаги хонадонга келиб, фуқаролар билан мулоқотда бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсуддинов хабар қилди.

Қон таҳлиллари натижаларига кўра, М.Т.да коронавирус (Covid-19) аломатлари аниқланган ва у тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.
 
Аниқланишича, фуқаро М.Т. жорий йил 12 март куни юқорида кўрсатилган манзилда ўтказилаётган тўй маросимида коронавирус  (Covid-19) аниқланган биринчи бемор билан учрашиб, мулоқотда бўлганлиги сабабли, вирус мавжудлигини текшириш учун зарурати пайдо бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 22.03.2020 йилда фуқаро М.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди. 

Ҳодиса жойига Қибрай тумани карантин гуруҳи чиқиб, ҳуқуқбузар мулоқотда бўлган шахсларнинг яшаш жойлари дезинфекция қилиниб, барчаси Чирчиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига карантинга ётқизилди.