Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» оромгоҳини сотиб олишга таклифларни қабул қилиш муддати узайтирилди

Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» оромгоҳини сотиб олишга таклифларни қабул қилиш муддати узайтирилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри ва вилоятида бир неча объектлар сотувга қўйилганини маълум қилганди. Улар орасида Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш оромгоҳи ҳам бор.

Оммавий савдоларга чиқарилган йирик активларнинг 6 таси (ДХХнинг собиқ марказий биноси, «Малика» савдо мажмуаси, «Ичан қалъа» меҳмонхонаси, «Қизил сув спорт соғломлаштириш» МЧЖ, «Пойтахт бизнес мажмуаси» МЧЖ, газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси биноси) бўйича жами 16 та таклиф келиб тушган. «Белдирсой» ва «Сижжак» дам олиш масканларига ҳозирча харидор йўқ. Шу сабабли уларни сотиб олиш учун талабгорлардан таклифларни қабул қилиш муддати 2021 йил 1 июлгача узайтирилди.

Ушбу дам олиш масканида меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар бор. Оромгоҳ 2017 йилнинг 10 февралида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ажрими билан мусодара этилган. Кейинчалик мусодара қилинган ушбу ҳашаматли қароргоҳ ичидаги барча жиҳозлари билан Ўзбекистон Триатлон федерациясига вақтинчалик фойдаланишга берилган эди. Аммо охир-оқибат ушбу дам олиш масканини оммавий савдолар орқали шаффофлик принципи асосида сотувга қўйишга қарор қилинди.

Айни пайтда Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфидаги мазкур мажмуанинг умумий ер майдони бино ва иншоотлари билан биргаликда 5,38 гектарни ташкил этади.