«Касал помидор»ни етиштирган иссиқхона топилди — Хайрулло Бозоров экспорт бўйича Россия томонидан қўйилган тақиққа изоҳ берди

«Касал помидор»ни етиштирган иссиқхона топилди — Хайрулло Бозоров экспорт бўйича Россия томонидан қўйилган тақиққа изоҳ берди

Декабр ойи бошларида Россия томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тақиқ қўйилган эди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бу борада берилган саволга жавоб берди.

— Фарғона экспорт соҳасида Ўзбекистонда етакчи ўринларда туради. Аммо Россиянинг ваколатли органлари аввал қуритилган мевалар, кейин эса барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларга тақиқ қўйди. Бу вилоятга қай даражада таъсир қилади?

— Жуда катта салбий таъсир ўтказади. Агар тақиқ олиб ташланмаса, Фарғонага оғир бўлади. Бизда жуда кўп янги боғлар экилган, уларнинг ишлаб чиқариши асосан экспортга мўлжалланган. Тақиқ масаласи эса помидор билан бошланган эди ва ўша заҳоти долзарб мавзуга айланди.

Ҳозир вилоятга пойтахтдан ҳам мутахассислар келган ва барча иссиқхоналарни текшириб бўлдик. Эътиборли томони, ўша Россияга юборилган помидордан чиққан касаллик бирорта иссиқхонада аниқлангани йўқ. Қизиқ томони, Москвага бор-йўғи 5 килограмм помидор синов тариқасида олиб борилган экан. Агар мижозга ёқса, кўпроқ олиб боришни мақсад қилишган. Ўша кичик партиядан Роспотребнадзор томонидан касаллик топилган. Биз барчасини аниқладик, помидор Марғилон бозоридан олиб борилган. Охири ўша помидорни сотган тадбиркорни ҳам қидириб, бозордан топдик ва қаерда етиштирилганини ҳам аниқладик. Биз у ерга ҳам бордик ва иссиқхонани текширувдан ўтказдик. Эътиборли томони, унда ҳам касаллик аниқланмади. Бу маълумотларни Роспотребнадзор карантин инспекциясига юбордик.

Энди қуритилган мевага келсак, ҳозирда бу борада текшириш кетмоқда. Бунга ҳам вақт керак. Ҳозир Россия билан келишишга ҳаракат қилмоқдамиз. Барча туманларга топшириқ берилган, экспортёрлар билан гаплашиб олиш лозим. Ўрик сифатсиз юборилгани рост, тан оламиз. Жўнатиш сабаби ҳам бозорда сотиш учун эмас, балки Бошқирдистондан талаб бўлгани учун компот қилиш учун юборилган. Афсуски шунақа ҳолат бўлди.

Бу борада ҳозир ҳукумат даражасида иш олиб борилмоқда. Роспотребнадзор билан гаплашиб, сешанба куни рухсат олиниши кутилмоқда. Биз барча хулосани тайёрлаб, ҳар бир маҳсулот етиштирувчини текшириб, хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилиб, рўйхатини Россияга берадиган бўлдик. Улар ўша экспортёрларга рухсат беради. Ҳозирча шунга келишилган. Кейинчалик ҳамма бемалол экспорт қилиши мумкин бўлади.

Биз Германиядан маҳсулотларни текширадиган янги жиҳозлар, реактивлар сотиб олмоқдамиз. Сифатни текширадиган бунақа технологиялар унча-мунча давлатда йўқ. У ишга тушса, ҳеч қандай муаммо қолмайди. Бизнинг ҳам кўнглимиз тинч бўлади. Бунақа ҳолат бошқа такрорланиши мумкин эмас. Эртага иқтисодга етказадиган асосий зарар ҳам шу бўлади. Экспортёрларга ҳам талабни, масъулиятни оширишимиз лозим. Ишонч йўқолса, уни тиклаш қийин бўлади.