Каттақўрғонда зўрланган ўқувчи қиз бедарак йўқолган,айбланаётганлар бири эса ўз уйида вафот этган

Каттақўрғонда зўрланган ўқувчи  қиз бедарак йўқолган,айбланаётганлар бири эса ўз уйида вафот этган

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Ички ишлар бўлимига зўрланганини айтиб, мурожаат қилган 2004 йилда туғилган фуқаро орадан бир ҳафта ўтиб, бедарак йўқолди. Зўрлашда айбланган фуқаролардан бири уйида вафот этган. Бу ҳақида вилоят прокуратураси матбуот хизматининг хабарига таяниб ёзмоқда "Teznews".

Маълум бўлишича, 2021 йил 2 январ куни 2004 йилда туғилган вояга етмаган П.Э. Каттақўрғон туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаро И.С. ўзининг «Матиз» автомашинасида уни Каттақўрғон шаҳар Чинобод маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига текканлигини, шунингдек, фуқаро С.Р. ҳам «ВАЗ 2106» русумли автомашинасида уни Каттақўрғон тумани ҳудудида жойлашган сув омбори ҳудудига олиб бориб, уни зўрлаб жинсий алоқа қилганлигини кўрсатиб уларга нисбатан чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширувга киришилиб, воқеа жойи кўздан кечирилган, ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатувлари олинган. Вояга етмаган П.Э.нинг танасида тан жароҳатларига аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббиёт экспертиза тайинланган.

Хабарда айтилишича, ишда тўпланган далилларга асосан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (Номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан ҳудудий тегишлилиги бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, П.Э.нинг аризасида кўрсатилган фуқаро С.Р. 2021 йил 13 январ куни ўзининг Каттақўрғон туман Саройқўрғон маҳалласида жойлашган уйида вафот этганлиги аниқланган. Каттақўрғон туман прокуратураси фуқаро С.Р.нинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилган.

Шунингдек, 2021 йил 14 январ куни Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига фуқаро С.С. ариза билан мурожаат қилиб, унда вояга етмаган фарзанди П.Э. 10 январ куни уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини билдирган. Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилётганлиги билдирилган.