Кейинги ҳафта бошида Ўзбекистонда ҳарорат 44 даражагача кўтарилади

Кейинги ҳафта бошида Ўзбекистонда ҳарорат 44 даражагача кўтарилади

Ўзгидрометнинг хабар беришича, бугун Туркманистон ҳудудидан кирган иссиқ ҳаво натижасида сўнгги кунларда кузатилган салқинлик аста-секин чекинади. Мамлакатимизнинг марказий ва шарқий минтақаларида ҳаво 33-35 даражагача исийди.

Бундай ҳарорат бу кун учун хос бўлган меъёрий кўрсаткичларга яқиндир. Шимолий, жанубий ва чўл зоналарида иссиқ ҳаво кучлироқ бўлиб, ҳарорат 38-40 даражага етади, бу эса меъёрдан 2-4 даражага юқоридир.

Ҳафтанинг охири ва кейинги ҳафтанинг бошида иссиқ Ўзбекистоннинг бутун ҳудудини қамраб олади. Айниқса якшанба ва душанбада иссиқ бўлади. Термометр устунчаси шу кунларда 39-42 даражагача, жанубий вилоятларда ва Навоий, Бухоро вилоятларининг чўл зонасида 43-44 даражагача кўтарилади. Бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-8 даражага юқоридир.

Иссиқ ҳавонинг кириши шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши билан бирга кузатилади.

Эслатиб ўтамиз, энг иссиқ июнларда Тошкентда ойнинг охирги ўн кунлиги бошида ҳаво ҳарорати 42-43 даражага етган.