Khan Academy Oʻzbek — биринчи онлайн таълим платформаси ишга туширилди

Khan Academy Oʻzbek — биринчи онлайн таълим платформаси ишга туширилди

Бугун Тошкентдаги INHA университети конференциялар залида «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинган сана арафасида Khan Academy Oʻzbek — биринчи онлайн таълим платформасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда онлайн мактаб асосчилари, вазирликлар, Ўзбекистондаги элчихона ва дипломатик муассасалар вакиллари, ўқитувчилар ва ўқувчилар иштирок этди.

Тадбир давомида яратувчилар таълим тизимида янги саҳифалар очувчи ва таълимга янгича ёндашишга чорловчи мукаммал контентни намойиш қилишди.

Очилиш маросими спикерлари тадбирга келган меҳмонларга платформа ҳақида намойишларни кўрсатишди ва жамоада қандай вазифаларни бажариши ва Khan Academy Oʻzbek режаларини амалга оширишда нима туртки бўлганлиги ҳақида сўзлаб беришди.

Лойиҳа асосчилари тантанали равишда платформани ишга тушуришди. Шундан сўнг, Алишер Саъдуллаев, Иброхим Жўраев, Сарвар Бобохўжаев, Афтондил Эркинов, Зафар Хашимов, Болшр Орифжонов, Умиджон Ишмухамедов иштирокида «Нима учун Ўзбек тилидаги контентини ривожлантириш керак? Онлайн таълимнинг устунликлари» мавзусида панел сессияси бўлиб ўтди.

Khan Academy Oʻzbek — бу ўзбек тилидаги илк онлайн таълим мактаби. Хан академиясига 2006 йилда америкалик Салмон Хон томонидан асос солинган.

Khan Academy онлайн тарзда мустақил билим олишга мўлжалланган платформа ҳисобланади. У математика, физика, кимё, биология, иқтисодиёт, инглиз тили грамматикаси, тиббиёт, астрономия, молия, тарих каби фанлар бўйича 10 мингдан зиёд видеодарслар ва 100 мингдан ортиқ мавзулаштирилган интерактив машқларни жамлаган жуда катта қамровли платформа бўлиб, ҳар ким ўзи истаган тилда, қулай вақт ва жойда керакли фан бўйича билимларни олиши мумкин.

Khan Academy контенти бугунги кунда 36 та тилга таржима қилинган бўлиб, ундан 190 дан ортиқ давлатда 63 миллионга яқин одам фойдаланади. Энг аҳамиятлиси, платформадан фойдаланиш мутлақо бепул.

Платформа uz.khanacademy.org манзилида ишга туширилган.

Khan Academy ўзбекча платформасини ишга тушириш ва таржима қилиш учун шу кунга қадар дунёнинг турли нуқталаридан бўлган 800 га яқин донорлар ёрдамида жами 200 минг АҚШ доллари йиғилди.