Китобда қор, Ғузорда баҳор: Қашқадарёда икки хил фасл кузатилмоқда

Китобда қор, Ғузорда баҳор: Қашқадарёда икки хил фасл кузатилмоқда

Қашқадарё вилоятининг айрим туманларида икки хил об-ҳаво кузатилмоқда, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири. Қайд этилишича, вилоятнинг Китоб туманидаги қишлоқни қалин қор қоплаган бўлса, Ғузор туманидаги қишлоқда эса бодом қийғос гуллаган.

Китоб тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, туманнинг Аспидухтар қишлоғида Янги йил куни — 2021 йилнинг 31 декабрида ёғган қор ҳалигача эримаган.

«Туман марказидан 60 километр узоқликдаги Аспидухтар қишлоғида қорнинг қалинлиги 80 сантиметрга етган. Шунингдек, туманнинг Деновбола ва Шут қишлоқларида ҳам қор ёғган», — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Оқилов.

«Дарё» мухбирининг қўшимча қилишича, айни кунда вилоятнинг Ғузор туманидаги Афғонбоғ қишлоғида эса бодом қийғос гуллаган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳалимовнинг билдиришича, туманнинг Кўл, Ғелон қишлоқларида ҳам қалин қор ёғган.