Кобул аэропорти ракета билан ўққа тутилди, уларнинг барчаси уриб туширилди

Кобул аэропорти ракета билан ўққа тутилди, уларнинг барчаси уриб туширилди

Афғонистонда Американинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими Кобул аэропорти ҳудудига отилган бешта ракетани тутиб олди. Бу ҳақда Reuters АҚШ расмий вакилига таяниб хабар берди.

Амалдорнинг сўзларига кўра, ракеталар 30 август куни эрталаб учирилган, аммо уларнинг барчаси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани ноаниқ бўлиб қолмоқда. Ҳозирча америкалик ҳарбий хизматчилар орасидаги талафот бўйича маълумотлар йўқ, дея қўшиб қўйди у.

CNN’нинг манбаси, яна бир америкалик мансабдорнинг фикрича, ҳужум ортида ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси турибди, аммо ҳозирча буни аниқ айтиб бўлмайди.

26 август куни Кобул аэропорти яқинида бир нечта портлаш содир бўлди, оқибатда 200 дан ортиқ одам, шу жумладан, 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлганди. ИШИД теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. АҚШ президенти Жо Байден террорчиларнинг етакчилари ва объектларига зарбалар беришга тайёрланишни буюрди.

28 августга ўтар кечаси АҚШ Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятида дрон ёрдамида авиазарба уюштирди. Бирлашган штабнинг минтақавий операциялар ва кучларни бошқариш бўйича директори ўринбосари генерал майор Уильям Тэйлор операция натижасида ИШИДнинг икки етакчиси йўқ қилинганини маълум қилди.

Аэропорт яқинидаги терактдан кейин Жо Байден Кобулда террорчиларнинг янги ҳужумлари эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. 28 август куни Америка президенти АҚШ қўмондонлиги маълумотларига таяниб, яқин 24—36 соат ичида янги ҳужум юз беришини маълум қилганди.

29 август куни эса Америка дрони, Пентагон маълумотларига кўра, мина жойлаштирилган автомобилни нишонга олди. АҚШ ҳарбийларига қараганда, машинани ИШИД жангарилари қолдирган. Дрон орқали берилган зарба оқибатида Кобулда тўққиз киши, шу жумладан, олти нафар бола ҳалок бўлди.

Шу куни Кобул аэропорти яқинида яна бир портлаш юз берди. Турар жойга ракета келиб тушди, оқибатда икки киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланди. Афғонистон полицияси маълумотларига кўра, ракета Кобул аэропорти атрофига келиб тушган, бир бола ҳалок бўлган.