Кўчма цирк томошалари учун рухсатнома олиш талаб этилмайди

Кўчма цирк томошалари учун рухсатнома олиш талаб этилмайди

“Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ–6000-сон, 26.05.2020 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг бино ва иншоотлари реконструкция қилинади.

2020-2021 йиллар давомида ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:

• кўчма цирклар томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади;

ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари мазкур томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди;

• давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди;

• ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския, лапар) асраш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятидан олинган даромадларига солиқ солинмайди.