«Кўкалдош» ва «Хадичаи Кубро» мадрасаларига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди (фотожамланма)

«Кўкалдош» ва «Хадичаи Кубро» мадрасаларига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди (фотожамланма)

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Кеча, 17 сентябрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги «Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига кириш имтиҳонлари 2 қисмда, яъни эрталаб 8:00 да ва кечки 17:00 да бўлиб ўтди. Тест жараёнларини Давлат тест маркази олиб борди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматининг маълум қилишича, қабул имтиҳонлари тест синови шаклида ўтказилди. 

Мусулмонлар идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили бўйича қуйидаги фанлардан қабул имтиҳонлари ўтказилади:

  • – 1-блок «Чет тили» 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл;
  • – 2-блок «Тарих» 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлар ҳужжатлари масофавий тарзда qabul.muslim.uz сайти орқали 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам) қабул қилинди.

Натижада «Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасасига жами 1 050 нафар, «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига 1 392 нафар абитуриент ҳужжат топширди.

Шулардан «Кўкалдош» мадрасасига 30 нафар ва «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар мадрасасига 20 нафар талаба ўқишга қабул қилинади.