Комил Алламжонов Саида Мирзиёевани Гулнора Каримова билан таққослашларига муносабат билдирди

Комил Алламжонов Саида Мирзиёевани Гулнора Каримова билан таққослашларига муносабат билдирди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «BBC Uzbek» нашрига берган интервюсида Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг баъзи ташаббусларини Гулнора Каримованинг ғоялари ва лойиҳалари билан таққослашларига муносабат билдирди.

«Биз бундай танқидларга жуда кўп дуч келамиз. Энди Гулнора Каримованинг ҳам қилмаган иши қолмаган экан-да. Нима ишга қўл урсак, ўша ишдан Гулнора Каримова ўтиб кетган бўлади, бир из қолдириб кетган бўлади. Гулнора Каримова бу ишларни қилди ёки бу ишни қилган экан, деб янги лойиҳалар пайдо бўлса, ўзимизни тиймаймиз», — дея унинг сўзларини келтирган «Газета.уз».

Унинг қўшимча қилишича, Гулнора Каримова ўтмишда қилган хатолар аслида ўзига хос «кўргазма»дир.

«Биз лойиҳаларни шундай хатолик билан қилсак, қандай оқибатларга олиб келишини кўрдик. Бу бизга сабоқ. Лекин жамият учун, одамлар учун бирор фойдали лойиҳалар чиққанда шуни бир вақтлар Гулнора Каримова қилган экан, деб биз ўз йўлимизда тўхтамаймиз», — деб таъкидлаган Комил Алламжонов.