Комил Алламжонов «Шоввозсой» атрофидаги воқеаларга муносабат билдирди

Комил Алламжонов «Шоввозсой» атрофидаги воқеаларга муносабат билдирди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов «Kun.uz» сайти билан суҳбатда «Шоввозсой» ҳақида тарқалган хабарларга тўхталди.

«Президентимизнинг жавобларидан кейин бу масалага ўрин қолмади, деб ҳисоблайман. Биз ҳар доим ҳар қандай кўтарилган масалага зудлик билан ва тўғри жавоб бериш тарафдори бўлиб келганмиз. Самимийлик ва очиқлик фойда берса беради-ки, лекин зарар келтирмайди.

Ҳар доим бир фикр тарқалдими, иккинчи тарафнинг ҳам фикри билан қизиқиш керак. Энди бу масалада у томонни ҳам, бу томонни ҳам маълумотларини эшитиб, халқнинг ўзи хулоса чиқариб олади, деб ўйлайман. Энг асосийси, президентимизнинг ўзлари билан боғлиқ шахсий масалага ҳам очиқ юз билан жавоб беришларини мен яхши сигнал деб ҳисоблайман
», – деди Комил Алламжонов.

Масс-медиа фонди раҳбари аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» берган изоҳдаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳолатлар ҳақида ҳам гапирган.

«Бу ҳолатларни мен ҳам Ўзбекистон фуқароси сифатида кузатиб бордим. Албатта, буни «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг пала-партиш ва ўйламай қилган иши деб ҳисоблайман. Уларнинг ёлғон маълумотлар бериши, ўша видеоларни тарқатиши қандай оқибатларга олиб келишини бугун матбуотда кўрдик.

Матбуотда бир олтин қоида бор: Ҳар қандай берилаётган маълумот ёки изоҳ ёлғондан иборат бўлиши керак эмас. Мусулмончасига айтганда, ёлғон аралашган жойдан барака қочади. Шунинг учун ҳам биз доим матбуот хизматлари ходимларининг малакасини ошириш жуда ҳам муҳимлигини айтиб келамиз. Ўйламасдан тарқатилган бу маълумот ҳам қандай миш-мишлар ва ёлғон маълумотлар кўпайиб кетишига сабаб бўлди
», — дея қайд этади Комил Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ижтимоий тармоқларда «Угам-Чотқол» миллий табиат боғи тасарруфидаги «Шоввозсой» ҳақида турли хабарлар тарқалганди. Бу хабарларга «Ўзбекистон темир йўллари» муносабат билдирганди.

18 март куни журналистнинг шу масалада берган саволига президент Шавкат Мирзиёев бу маскан давлатга тегишли экани, мартабали ёки Ўзбекистонга фойдаси тегадиган инсон келса, ўзи ҳам меҳмон билан боришини айтиб ўтди