Кўнгилочар тадбирларни кўпайтириб юборяпмиз — Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш ортаётганининг сабаблари айтилди

Кўнгилочар тадбирларни кўпайтириб юборяпмиз — Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш ортаётганининг сабаблари айтилди

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева мазкур масала юзасидан тушунтириш берди.

«Бу саволга бир нечта жавоб бор:

Аҳоли орасида ниқоблар тақилмай қўйилгани — бу инфекцияни одамдан одамга юқиш учун жуда қулай шароит, яъни ҳозир кунлар иссиқ, ҳаво қуруқ — вируснинг ҳавода ҳаракатланишига тўсқинлик йўқ ва у бемалол инсонларнинг юз ва қўл терисига ёки кўз шиллиқ қаватига, бурундан нафас оламиз — ҳаводаги вирус бурун шиллиқ қаватига ёки томоққа тушади ҳамда ҳужайра ичига кириб, касаллик чақиришга имконият қидиради;

Қўлларни совунлаб ювмай қўйдик ёки спиртли антисептиклардан фойдаланмай қўйдик — бу эса қўл терисига тушган вируснинг тозаланмаслигига, қўллар кўз, бурун ё оғизга теккизилганда вирус организмга тушади, натижада бу касаллик чақиришни янада кучайтиради;

Ижтимоий масофани сақламай қўйдик — яъни жуда кўп тўй-ҳашамлар, туғилган кунлар ва одамлар тўпланиши мумкин бўлган кўнгилочар тадбирларни кўпайтириб юбормоқдамиз. Бу каби кўнгилочар тадбирларда:

● бир оила аъзоларидан ташқари бир неча оилалар ва одамлар сони 30 дан ортиб кетмоқда;

● тадбирлар ёпиқ жойларда, умумий сиғимдан 50% дан ортиқ одамлар иштироки кузатилмоқда, яъни агар 100 кишилик тўйхонада тадбир бўлса, талаб бўйича 50 кишидан ортмаслиги керак, лекин бугунги кунда тўй-ҳашамларда 100-150 тадан одам иштирок этмоқда;

● бундай кўнгил очар тадбирларга ҳеч ким олдиндан ПСР-тестини топширмайди ва келаётган меҳмонлардан тест натижаси сўралмайди;

● келаётган меҳмонларни тана ҳарорати ўлчанмайди;

● ниқоблар тақилмайди ва спиртли антисептиклар билан тез-тез қўллар ишлов берилмайди.

Ахир биз тўй-ҳашамларга кўнгил очиш учун борамиз, унда овқатланиш керак, инсонлар кўнгил очмоқчи бўлгандан кейин узоқ давом этувчи суҳбатлар ва мулоқотлар бўлади. Буларнинг ҳаммаси — коронавирус тарқалишига катта замин яратмоқда», деди Севара Убайдуллаева.