Корея Республикаси Оролбўйи минтақасида амалга ошириладиган экологик лойиҳаларга 7 миллион доллар ажратади

Корея Республикаси Оролбўйи минтақасида амалга ошириладиган экологик лойиҳаларга 7 миллион доллар ажратади

БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюциясига Корея Республикаси элчиси Кан Чжэ Квон ўз муносабатини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

- Аввало, Ўзбекистонни халқаро ҳамжамиятнинг фаол аъзоси сифатида БМТдаги навбатдаги муваффақияти билан табриклайман. Бутун инсоният Орол денгизи инқирозига муносиб даражада қизиқиш билдириши керак. Бу инқироз атроф-муҳит, маҳаллий аҳоли ҳаёти, жамият ва маданият, иқтисодиёт ва тараққиёт, инсоният ва келажак учун катта муаммолар туғдирди. Бу нафақат Марказий Осиё, балки бутун Осиё қитъаси учун долзарб масаладир.

 Биз курашишнинг аниқ механизмлари тақдим этилган ва Орол денгизи муаммоларига глобал жавоб берилган мазкур резолюциянинг ижросини сабрсизлик билан кутамиз. Ҳаётимизда кўп синовлар бор, лекин биз одамлар ва атрофимиздаги гўзал табиатга таянганимизда қанчалик қудратли эканимизни англаб етамиз.

Корейс халқи ўз тарихида кўплаб мисли кўрилмаган инқирозлар ва машаққатларни бошдан кечирган. Аммо мамлакатимиз ҳар қандай қийин даврда давлатга озгина бўлсада кўмак берган ўз халқидан куч-қувват олган, руҳланган. Корея Республикаси, шунингдек, халқаро ҳамжамият ёрдамига таяниб ҳам ушбу синовларни муносиб енгиб ўтган.

Орол денгизи муаммосини бартараф этишда биз, аввало, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига катта ҳурмат изҳор қиламиз.

Корея Республикаси халқаро ҳамжамият аъзоси сифатида Орол минтақасини қўллаб-қувватлашга тайёр. Хусусан, мамлакатимиз Оролбўйи минтақасини қутқариш лойиҳаларига 7 миллион долларга яқин маблағ ажратмоқда. Жанубий Корея илмий жамоатчилиги, тиббиёт ташкилотлари, компаниялари ва ижтимоий соҳа вакиллари Ўзбекистон билан биргаликда ушбу лойиҳаларни амалга оширишда фаол қатнашади.