Коронавирус: D витамини қабул қилишни бошлаш керакми?

Коронавирус: D витамини қабул қилишни бошлаш керакми?

Коронавирусга қарши D витамини истеъмол қилиш фойда берадими? D витамини ичишни бошлаш керакми?

Сўнгги пайтларда бу витамин борасида ҳам саволлар ўртага чиқмоқда.

Соғлом овқатланиш бўйича Илмий Маслаҳат Комиссияси ва соғлиқни сақлаш бўйича кузатув ташкилоти Мукаммал Парвариш Миллий Институти (СПМИ) бу борадаги далилларни тезкор таҳлил қилиб чиқди. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар бермоқда.

Қандай маслаҳат берилди?

Пандемия даврида одамлар одатдагидан кўпроқ уйда қолмоқда, уларнинг айримларида D витамин танқислиги бошланиши мумкин.

Одатда, биз бу витаминни ташқарида, очиқ ҳавода юрганда оламиз. Териларимизга қуёш нурлари тушганда улар D витаминни ишлаб чиқара бошлайди.

Миллий соғлиқ хизмати (МСХ) одам асосий вақтини ичкарида ўтказса, кунига 10 микрограмм миқдорида витамин D қабул қилиши кераклигини айтади.

Шотланд ва Уэльс ҳукуматлари ҳамда Шимолий Ирландия Жамоат соғлиғи агентлиги пандемия даври учун айни шунга ўхшаш тавсия берган эди.

Пандемиядан аввал ҳам Британияда одамларга ҳар йили октябрдан мартгача қўшимча витамин қабул қилиш тавсия қилинар эди.

Англия Жамоат Соғлиғи ташкилоти D витаминини йил давомида қабул қилишни маслаҳат беради, агар:

- сиз очиқ ҳавода кам бўлсангиз
- парваришлаш уйларида яшасангиз
- ташқарида бўлганингизда бутун баданингизни ёпиб турадиган либос кийсангиз.

Терисининг ранги тўқ одамлар, ҳатто вақтини ташқарида ўтказса ҳам, етарлича D витамин ишлаб чиқара олмаслиги мумкин. Улар ҳам йил бўйи витаминни қўшимча тарзда қабул қилишни ўйлашлари керак.

Қора танли, осиёлик ва этник озчиликлар коронавирус билан жиддий касалланиши хавфи борлиги ҳақида далиллар мавжуд.

Бизга D витамини нега керак?

D витамини суяклар, тиш ва мушаклар соғломлиги учун муҳим. Унинг етишмаслиги болаларда суякларнинг қийшайиши касаллиги - рахит ва катталарда айни шу турдаги суяк мўртлашиши ҳолати - остеомаляцияга сабаб бўлади.

Шунингдек, D витамини инфекцияларга қарши курашда ёрдам бериши, иммун тизимини мустаҳкамлаши ҳақида маълумотлар бор.

Баъзи тадқиқотларга кўра, меъёрдаги D витамини шамоллаш ва гриппда ёрдам беради. Аммо тадқиқотлар хулосалари турлича.

Овқатланиш бўйича Илмий Маслаҳат Қўмитаси (ОИМҚ) нафас йўлларидаги инфекциянинг олдини олиш ёки даволашда D витаминидан фойдаланишни тавсия қилиш учун етарлича илмий далиллар мавжуд эмас дейди.

Бу витамин коронавирусни тўхтата оладими?

СМПИнинг илмий тадқиқотлар хулосалари таҳлили кўрсатишича, коронавируснинг олдини олиш ёки уни даволаш учун D витаминини қабул қилишни дастаклайдиган ҳеч қандай далил йўқ.

Аммо, экспертларнинг фикрича, бу витамин пандемия даврида одамларни озуқавий томондан бардамлигини сақлаш учун кўплаб фойдалари бўлиши мумкин.

Айрим тадқиқочилар коронавирусга чалинган одамларда касалликнинг оғирроқ ўтиши D витамин етишмовчилиги билан боғлиқ бўлиши мумкин дейдилар. Аммо бошқа хавф омиллари, масалан, юрак касалликлари бу каби беморларда кўп учрагани учун хулоса қилиш мушкул.

Ливерпул университети тиббиёт профессори Жон Родснинг айтишича, D витаминида яллиқланишга қарши хусусият бўлиб, айрим тадқиқотларга кўра, у тананинг вирусга қарши иммунитет реакциясини мўътадиллаштиради.

Бу ҳолат иммун тизимининг вирусга қарши жавоби натижасида ўпкада "цитокин тошқини" пайдо бўлиши ва ўпка жиддий зарарланиши кузатилган оғир аҳволдаги беморларга тегишли.

Уни кўп қабул қилишим керакми?

Йўқ. Гарчи D витамини воситалари хавфсиз бўлса ҳам, тавсия қилинган кунлик меъёрдан ортиқ қабул қилиш узоқ муддатда кўнгилсиз оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Агар D витамини қабул қилмоқчи бўлсангиз:

- 1-10 ёшдаги болалар кунига 50 микрограммдан ортиқ қабул қилмаслиги керак.
- Бир ёшдан кичик болаларнинг кунлик дозаси 25 микрограммдан ошмаслиги керак.
- Катта ёшдагилар кунига 100 микрограммдан ошириб юбормаслиги лозим. Кунлик тавсия қилинган доза 10 микрограммдир.

Янада юқори дозани шифокор D витамини етишмовчилиги аниқ кузатилган беморларга тавсия қилиши мумкин.

Айрим сурункали касали борлар, жумладан, буйрагида муаммоси борлар бу витаминни ошириб юборишга эҳтиёт бўлишлари керак.

Уни қаердан топиш мумкин?

D витамини учун қўшимча воситаларни дорихонадан тортиб, супермаркетларда ҳам топиш мумкин. У шунчаки D витамин шаклида ёки мультивитамин таркибида бўлиши мумкин.

D витамини деб сотилаётган аксар воситаларнинг таркиби D3 бўлиб, улардан бири терида ҳосил бўлса, қолган иккитасини ўсимликлар ишлаб чиқаради.

Болалар учун эса алоҳида томчи кўринишида ишлаб чиқарилади.

Озиқ овқат таркибида-чи?

Гарчи соғлом овқатланиш иммун тизимининг нормал ишлашига етарлича ёрдам берса ҳам, ҳеч бир алоҳида овқат ёки қўшимча озуқа уни нормал даражадан ортиққа кучайтира олмайди.

D витаминни овқатнинг ўзидангина олиш қийин.

Соғлом, мувозанатлашган озиқ овқат мустаҳкам соғлиқ учун муҳим ва бу пандемиядан бошқа вақтларда ҳам тавсия қилинади.

Овқатланиш рационида D витаминга бой балиқ ёғи ва тухум бўлиши керак. Нонушта учун айрим ёрмалар, маргарин ва ёгуртларда ҳам D витамин бўлади.

Офтобда тобланишим керакми?

Қуёш нурида узоқ қолиш танангизда D витаминни меъёрдан ошириб юбормайди. Аммо қуёш терини куйдиргани учун бунда ҳам меъёрни сақлаш керак.

Болалар, чақалоқлар ва ҳомиладор аёллар нима қилиши керак?

Бу борада маслаҳат шу:

- Кўкрак сути билан озиқланувчи чақалоқларга туғилганидан бир ёшигача кунига 8.5-10 микрограмм миқдорида қўшимча D витамини берилади.
- Сунъий сут билан озиқланувчи чақалоқлар кунига ярим литр сунъий сут ичадиган бўлгунига қадар уларга қўшимча D витамин берилмайди. Чунки сунъий сут таркибида D витамини бўлади.
- 14 ёшли болалар кунига 10 микрограмм D витамини қабул қилиши керак.

Катталар учун белгиланган доза (10 микрограмм) ҳомиладор ва эмизувчи аёллар учун ҳам бирдек тавсия қилинади. Бундан юқори доза тери ранги тўқ ва ҳомила даври оғирроқ ўтаётган аёлларга буюрилиши мумкин.