Коронавирус: Ўзбекистон олимлари 50 та давлат уддалаган ишни бажарди

Коронавирус: Ўзбекистон олимлари 50 та давлат уддалаган ишни бажарди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан коронавируснинг тўлиқ геномлари биринчи марта Ўзбекистонда ўқилди ва биоинформатик таҳлил ишлари олиб борилди. Натижалар коронавирус геном маълумотлари учун очиқ маълумотлар тармоғи – GISAID’га жойланди ва тегишлича расмийлаштирилди.

Қайд этилишича, шу тариқа Ўзбекистон ўз ҳудудида коронавируснинг барча вариантларини ДНК кетма-кетлигининг тўлиқ секвенлаган 50 та мамлакат қаторига кирди. Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология ва жамоат соғлиғи бошқармаси ҳамда Biogen Med хусусий клиникасидаги бирламчи вирус юқтиргани тасдиқланган фуқароларининг 62 нафаридан намуналар олинган ва янги авлод секвенатори ёрдамида уларнинг 32 та геноми тўлиқ секвенлаш орқали таҳлил қилинган ёки бошқача қилиб айтганда, ДНК кетма-кетлиги ўқилган. Бу 29 903 нуклеотид деганидир.

Шунингдек, олимлар қатор биоинформатик таҳлиллар ёрдамида (Nextclade) Ўзбекистонда тарқалган вирус вариантлари ҳозиргача ўқилган коронавирус маълумотлар базасидаги геномлар билан солиштирганлар. Натижада, Ўзбекистондаги COVID-19 вариантларининг 18 таси шажарадаги ўрни аниқланган. Унга кўра, Ўзбекистонда учраётган COVID-19 нинг вариантлари GR (20В) ва S (19В) гуруҳларига мансублиги аён бўлган. Шажаранинг GR (20В) тармоғида Ўзбекистон билан биргаликда асосан Европа, Осиё, Африка ва Австралия қитъаси вакиллари жойлашган бўлса, S (19В) гуруҳида эса Осиё ва Африкага хос вирус геномлари жойлашган. Бу ушбу иккита гуруҳ орқали мамлакатга кириб келган вирусларнинг манбаи битта эмаслигини англатади.

Таъкидланишича, SARS-CoV-2 вирусининг геном маълумотлари илк бора 2020 йилнинг январь ойида Хитойда аниқланган. Ўша пайтдан бошлаб бутун дунёда тарқалган коронавирус намуналари олиниб, геномларини секвенлаш ишлари бошланган. Геномларни аниқлаш маҳаллий ва глобал миқёсда эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлиб, вируснинг эволюцион таҳлилини амалга ошириш, уни қаерда пайдо бўлгани, қандай мутацияларга учрагани ва бошқа маълумотларни беради. Бу маълумотлар ёрдамида эса вакцина яратилади. Ўзбекистонда тарқалган коронавирус вариантлари ҳақидаги маълумотлар айнан юртимизда тарқалган штаммларга қарши йўналтирилган миллий вакцинамизни яратиш ишлари учун ўта муҳимдир.

“Ўзбекистонда тарқалган COVID-19 вариантларнинг тўлиқ геном ДНК кетма-кетликларининг аниқланиши ва дунё маълумотлар базаси билан қиёсий таҳлиллари вируснинг Ўзбекистон шароитида ўзгаришини доимий мониторингини амалга оширишдаги катта қадам бўлди. Қолаверса, бу охирги йилларда Янги Ўзбекистонда илм-фан ва олимларимизга яратиб берилаётган катта имкониятларнинг дастлабки натижаларидан биридир”, дейилади Фанлар академияси маълумотида.