Коронавирус қандай ҳароратда ўлиши аниқланди

Коронавирус қандай ҳароратда ўлиши аниқланди

Франциянинг Прованс университети олимлари коронавирус 15 дақиқа давомида 92℃ ҳароратда ўлишини исботлашди. Бу ҳақда bioRxiv нашри хабар қилди.

Тадқиқотчилар эксперимент учун COVID-19ни 60℃ ҳароратда 1 соат давомида қизитдилар. Ушбу ҳолатда ҳам вируснинг айрим штаммлари кўпайишда давом этди.

Таъкидланишича, 60℃ ҳароратда қиздириш аксарият лабораторияларда дезинфекция стандарти сифатида қабул қилинган.

Тадқиқот давомида олимлар коронавирус штаммини иккита пробиркага - стерилланган ва биоматериалли идишларга ўтказишди. Аниқланишича, стандарт қизитиш жараёнидан сўнг штамм фақатгина тоза воситада фаолликдан тўхтайди.

Биоматериалли пробиркадаги вирус фақатгина 92℃ ҳароратда қиздирилганда ўлди.

Мутахассисларнинг айтишича, вирусларни дезинфекция қилиш учун стандарт жараён фақатгина вирус миқдори кам бўлган ҳолатларда қўлланиши мумкин. Юқори юкламали вирусларни ўлдириш учун стандарт дезинфекция фойда бермайди.

Аввалроқ Гонконг университети тадқиқотчилари янги турдаги коронавирус  56°C ҳароратда 30 дақиқа ишлов берилгандан сўнг ёки 70°C ҳароратда 5 дақиқа ишлов берилгандан сўнг ўлишини айтишган эди.