Коронавирус сабаб оғир вазиятда қолган Ҳиндистон халқига Ўзбекистон томонидан инсонпарварлик ёрдами етказилди

Коронавирус сабаб оғир вазиятда қолган Ҳиндистон халқига Ўзбекистон томонидан инсонпарварлик ёрдами етказилди

Хабарингиз бор Ҳиндистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашиб, касалликнинг кўпайиши оқибатида касалхоналар, ўликхоналар ва крематориялар беморлар билан тўлиб-тошмоқда.  Ҳинд аҳли дори-дармон ва кислород топиш учун бош қотирмоқда. Шундай танг аҳволда қолган давлатга Ўзбекистон Президенти томонидан ёрдам кўрсатилишига қарор қилинган. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, жорий йилнинг 1 май куни Деҳли шаҳрига инсонпарварлик кўмаги етказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мобил кислород концентраторлари тўпламлари, эҳтиёж юқори бўлган турли дори воситаларидан таркиб топган инсонпарварлик юклари Деҳли аэропортида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов томонидан мазкур мамлакат Қизил Хоч жамияти ва Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилларига топширилди.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Евроосиё Департаменти директори ўринбосари Бандару Вилсонбабу Ҳиндистондаги жорий санитар-эпидемиологик ҳолат кескин оғирлашган бир вақтда Ўзбекистон Раҳбарияти томонидан биринчилардан бўлиб инсонпарварлик ёрдамини юбориш ҳақида қарор қабул қилингани Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида фаол ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойилларига содиқ эканини намойиш этиш билан бирга Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мавжуд стратегик шерикчилик алоқаларининг амалдаги яққол исботи эканини эътироф этди.

 

“Бугун дўст ва биродар Ўзбекистон ҳукумати томонидан жўнатилган инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олмоқдамиз. Ўзбекистон ва Ҳиндистон азал-азалдан яқин қўшни, синалган дўст ва ҳамкор давлатлар ҳисобланади, - деди Ҳиндистон вакили. – Мамлакатларимиз анъанавий равишда турли масалаларда бир бирини доимо қўллаб-қувватлаб келган ва бугун ўзбекистонлик дўстларимиз томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами халқларимизнинг самимий дўстлиги, бир-бирига бўлган ишончи ва ҳурматидан далолат беради. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукуматига ушбу мураккаб ва оғир дамларда ҳинд халқига кўрсатилган олийжаноб кўмак учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз”.