Коронавирус сабаб рўза тутмаса ҳам бўладими?

Коронавирус сабаб рўза тутмаса ҳам бўладими?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ал-Азҳар халқаро электрон фатво марказининг коронавирусга оид фатволарини эълон қилди.

Коронавирус сабаб рўза тутмасликнинг ҳукми

Азҳарнинг халқаро электрон фатволар маркази шифокорлар янги турдаги коронавирусни олдини олишга қаратилган чоралар сифатида инсоннинг оғзи кун бўйи нам ҳолда туришлиги зарур деган тавсия берганда Рамазон рўзасини тутиш ҳукми бўйича саволга фейсбук ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали жавоб берди.

Унда келтирилишича, агар касалликка чалинмаган бўлса, мусулмонга Рамазон ойида оғиз очиш мумкин эмас. Лекин шунга қарамай шифокорлар рўза коронавирусга чалиниш ва у орқали ҳалок бўлиш хавфини кучайтиради деган тақдирда ва бу нарса илмий жиҳатдан ўз тасдиғини топганда, рўза тутмаслик мумкин бўлади. Бироқ бу нарса ҳозиргача илмий тасдиғини топган эмас.

Масжидларда намоз ўқишни тўхтатишнинг ҳукми

Миср фатво уйи (Дорул ифто) Азҳар шайхи ва Миср вақф вазирининг янги турдаги коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида, икки ҳафта мобайнида, республиканинг барча ҳудудларида жамоат ва жума намозларини адо этишни тўхтатиб, азон айтиш билан кифояланиш қарорларини маъқуллашини эълон қилди.

Коронавирус сабабли жума намозини уйда ўқиш ҳукми

Азҳарнинг халқаро электрон фатволар марказига кўра уйда жамоат бўлиб, хутбалари билан икки ракъат ўқилган жума намози адо топмайди. Ҳаттоки намозхонлар сони кўп бўлса ҳам тўғри бўлмайди. Уйда хутбасиз тўрт ракъатдан иборат жамоат бўлиб ёки якка-якка ҳолда пешин ўқилади. Киши эркак ва аёллардан иборат ўз аҳлига имом бўлиб, жамоат ҳолда адо этиши мустаҳабдир.

Коронавирус сабабидан жума намозини ўқимасликнинг ҳукми

“Фатво уйи” қуйидагича жавоб берди: жамоат ва ҳаттоки жума намозларини тарк қилишга сабаб бўладиган қатор омиллар мавжуд бўлиб, кучли жала, инсонга заҳмат етказадиган лойгарчилик, масжид йўлини кўриб бўлмас даражадаги қоронғулик каби умумий ҳамда касаллик, жонига, молига, аҳлига хатар бўлиши каби хусусий омиллар шулар жумласидандир. Шунингдек, бадбўй нарса истеъмол қилиш, кучли мудроқ босиши ва шуларга ўхшаш ҳолатлар ҳам жумъа намозига ҳозир бўлишдан тўсади.

Коронавирус пандемияси давом этган тақдирда таровиҳ намозларининг ҳукми

Машҳур Ислом даъватчиси Мабрук Атийяга кўра таровиҳ намозларини уйда адо этиш масжидларда адо этишдан афзалдир. Чунки таровиҳнинг ҳукми суннат бўлиб, суннатларни уйда адо этиш масжидда адо этишдан яхшироқдир. Олимнинг таъкидлашича, йиғилиш мусулмонларга зарар етишига сабаб бўладиган бўлса, намоз учун йиғилмаслик керак. Коронавирус сабабли масжидлар фарз намозлари учун ёпилган бир пайтда суннат намозлар учун очилмаслиги ўз-ўзидан тушунарли.

Вирус юқишидан қўрқиб курсига ўтириб намоз ўқиш ҳукми

Шайх Уъвайда Усмон (дорул ифто бош котиби): коронавирус юқишидан қўрқиб курсига ўтириб намоз ўқиш мумкин эмас. Мусулмон киши учун зарур эҳтиёт чораларини кўришгина вожиб бўлади.

Масжид ёпилганда унинг ташқарисида жума намозини ўқиш ҳукми

Масжид ёнида ё майдонларда ёки биноларнинг томида ёки ёпилган масжид ичида камчилик кириб олиб, устиларидан қулфлаб жума ёки бошқа жамоат намозларини адо этиб, масжидларда жамоат ва жума намозларини адо этмаслик қарорига амал қилмаслик ҳеч кимга жоиз эмас.

Коронавирус билан ўлган маййитни ювишнинг ҳукми

Одатда вафот этган мусулмон ғусл қилдирилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилади, лекин вабо тарқалган ва медицина маййитни ушлаган тирикларга ўтишини исботлаб турган бир вақтда маййит устидан сув қуйилиб, уни ишқаламасдан бирор чора қилиб сув етказилиши кифоя қилади. Бунда ғассолга касаллик юқмаслиги учун махсус камбинзон кийдириш, хонани дезинфекциялаш каби мутахассислар томонидан бериладиган барча чоралар қўлланиши керак бўлади.

Агар маййит танасидан суюқлик оқиш хавфи бўлса, кафан устидан сув ўтказмайдиган материал билан яхшилаб ўраб қўйилиши шарт. Касалхонадан ювиб, ўраб чиқарилган маййит аҳллари масжиддан бошқа алоҳида жойда жаноза ўқиб, дафн қилишлари мумкин. Унга жанозани жамоатнинг энг кам миқдори бўлган икки киши ўқиса ҳам кифоя. Ҳаттоки ғоибона жаноза ўқилиши ҳам жоиз. Буларнинг бари муқаддас динимизнинг юксак инсонпарварлик мақсадлари билан ҳамоҳанг ҳисобланади. Шунингдек, бунга шариатда эътиборли ҳужжатлар бор. Зеро заруратлар тақиқларни бекор қилади ҳамда зарурат керакли миқдорда эътиборга олинади.