Коронавирус халқаро таълимга қандай таъсир кўрсатяпти?

Коронавирус халқаро таълимга қандай таъсир кўрсатяпти?

Аввало, дунё бўйлаб ҳозир барча университетларда ўқишлар онлайн режимда олиб борилмоқда. Халқаро талабаларнинг бир қисми ўзлари ўқиб турган мамлакатда қолиб, ўқишни шу тарзда давом эттираётган бўлса, баъзилари ватанларига қайтиб кетган ва ўша ердан интернет орқали таҳсил олмоқда.

Баъзи давлатларда, хусусан, АҚШда ҳам бу йил охиригача университетлар очилмаслиги ҳақида хабарлар бор. Яъни август-cентябр ойларида бошланадиган янги семестр ҳам йил охиригача онлайн форматда ўтиши мумкин.

Ўқишга ҳужжат топширганлар ёки янги қабул қилинган халқаро талабалар нима қилади?

Университетларнинг қабул тартибида ўзгаришлар бўлгани йўқ, аммо ўқишга қабул қилинганлар университетлар очилмагунча уйларидан, яъни ўзлари яшаб турган мамлакатдан онлайн таълимга қўшилишлари мумкин.

Бундан норози бўлаётганлар кўп. Чунки кўплаб халқаро талабалар, хусусан, маҳаллий талабалар ҳам ўқиш учун катта миқдорда пул тўлайди ва таълим фақат онлайн бўлаётгани, университет ресурсларидан тўлиқ фойдалана олмаётганлари учун улар буни адолатсизлик деб баҳоламоқда.

Бунга жавобан ўқиш пулини камайтирган ёки тўловларнинг бир қисмини қайтариб бераётган олий ўқув юртлари ҳам бор. Масалан, Гарвард университети озиқ-овқат ва ётоқхона тўловининг ишлатилмаган қисмини қайтариб берди ва талабалар уйларига етиб олиши учун ҳар бир одамга қўшимча 200 доллар ёрдам пули ажратди.

Университетлар баҳолаш мезонларини соддалаштириш йўлидан ҳам боряпти. Кўплаб ўқув юртлари аллақачон ҳарфли баҳолаш тизимини (A, B, C, D) «Ўтди/Ўтмади» (Pass/Fail) деб номланадиган содда баҳолаш турига ўзгартирди, яъни курс бўйича минимум талабларни бажарган барча талабаларга бир хил баҳо қўйилади. Бу нарса «GPA» тизими бўйича энг юқори балл олиш учун қаттиқ ҳаракат қиладиган талабаларни ортиқча машаққатдан сақлаши айтилмоқда.

Виза бериш ва грант дастурлари давом этадими?

Кўплаб давлатлар элчихоналари, хусусан, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ҳозир ишламаяти, яъни ҳеч кимга виза бераётгани йўқ. Бу Ўзбекистондаги ва элчихона мансуб давлатдаги коронавирус бўйича қўйилган чекловлар билан боғлиқ. Чековлар бекор қилиниши билан элчихоналар одатдаги ишини бошлайди ва виза бериш яна тикланади.

Грант дастурлари ҳам давом этади; одатдаги, ҳар йили ўтказиладиган танловлар ўз вақтида эълон қилиб бориляпти. Фақат уларнинг белгиланган муддатда амалга ошиши коронавирус вазияти қанчалик яхшиланишига боғлиқ.

Масалан, АҚШда ҳар йили хорижлик талабалар учун бўладиган "Summer Work & Travel" (Ёзги иш ва саёҳат) дастурининг бу йил бекор қилиниши эҳтимоли юқори. Ўзбекистон 30 июнгача халқаро қатновлар бошланмаслигини эълон қилди. АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар ҳам хорижликлар учун чегараларини ҳали тўла очгани йўқ. Шу боис "Summer Work & Travel" каби қисқа муддатли ва тез орада бўлиши кутилаётган дастурлар бекор қилиниши мумкин.

Баъзи узоқ муддатли дастурлар ҳам пандемия тугагунча тўхтатиб турилиши мумкин. Масалан, инглиз тилини ўқитиш ва тадқиқот қилиш бўйича 9 ойгача америкаликларни хориждаги турли мамлакатларга жўнатадиган «Fulbright» дастури бу йил эрта тугатилди. Дастур бўйича хорижий давлатларга кетган америкаликлар март ўрталарида Америкага қайтариб олиб келинди.

«Fulbright»нинг хорижлик талабаларни Америкага олиб келиб ўқитадиган дастури тўхтатилгани йўқ. 2021 йил учун қабул айни пайтда давом этяпти. Умид шуки, унгача пандемия тугайди ва йўллар очилади.

Хулоса

Демак, коронавирус қисқа муддатли виза ва грант дастурларига салбий таъсир кўрсатади. Бу йил ёзда бўладиган дастурлар ўтказилмаслиги мумкин. Узоқ муддатда ва кейинги йил учун барча дастурлар ўз вақтида ўтказилиши, яъни қолдирилмаслиги эҳтимоли юқори.

Хорижда ўқиш учун тайёрланаётган бўлсангиз, ҳаракатдан тўхтаманг. Карантин пайтидаги бўш вақтни Худо берган имконият деб ўз устингизда янада қаттиқроқ ишланг.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.