Коронавируснинг «британча штамми» нимаси билан ҳавфли? Штаб аъзоси изоҳ берди

Коронавируснинг «британча штамми» нимаси билан ҳавфли? Штаб аъзоси изоҳ берди

Жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясининг “британча” штаммига чалинган илк бемор қайд этилди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига бу касалликнинг тарқалиши юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Штаб аъзосининг сўзларига кўра, 2019 йил охирида Хитойнинг Уҳан шаҳрида янги COVID-19 вируси аниқланган эди. Ўтган давр мобайнида бутун дунё олимлари уни текшириш, аниқлаш ва даволаш йўлида илмий изланишлар олиб борди ҳамда бу ишлар ҳанузгача давом этмоқда. 

Ўтган фурсат ичида вирус ҳам ўзгариб, мутацияга учраб, янгидан янги шаклларга ўтиб борди. Айни пайтдаги вирус аввалгисидан 20та жиҳати билан ажралиб туради. “Британча” штаммнинг икки ой мобайнида 17та жиҳати ўзгариб, тез мутацияга учрамоқда. Шунингдек, у ўта юқувчан ва ёшларни ҳам зарарлай олиши мумкин бўлганлиги билан ҳам хавфлидир.

Коронавируснинг янги B.1.1.7 шакли тез суръатларда тарқалиши билан дунё олимлари эътиборини тортди ва янги штамм тариқасида ифода этилди.

Вирус мутациясини узоқ вақт онкологик касалликка чалинган ва иммунитетни босувчи дори воситаларни қабул қилган инсон организмида узоқ муддат мутацияга учраши натижасида юзага келгани қайд этилмоқда.

Шу боис, янги штаммни ПЗР тест ёрдамида аниқлаш мушкул эканлиги айтилмоқда. Мутацияга учраган вирус ПЗР текширувидаги иммун жавобни айланиб ўтишга қодирлиги, уни тўғри диагностика қилиш бир оз мушкул экани билан ҳам ажралиб туради.

 “COVID-19 вирусининг B.1.1.7 шакли - “британча” штамми ўз таркибидаги иккита аминокислотани йўқотиб, организмнинг иммун жавоби, яъни, антитаначаларини айланиб ўтишга муваффақ бўлади. Бу вируснинг тез тарқалишига имкон яратяпти. Шу боис, янгича штамм кенг тарқалиб кетишининг олдини олишимиз керак. Бунинг учун эса, карантин талаб-қоидаларига сўзсиз риоя қилишимиз зарурлиги шубҳасиз”,- дея таъкидлади Эъзозбек Ризаев.