"Коррупцияга қарши жамоатчилик, нодавлат ташкилотлар ҳам бирдек курашмас экан, амалий натижага эришиб бўлмайди" – “Миллий тикланиш” демократик партияси

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласи умумдавлат миқёсидаги вазифа сифатида белгиланди ва унинг пайини қирқиш бўйича изчил ҳаракатлар қилинмоқда. Бу борада ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилди. Хусусан, 2017 йил 3 январдан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун кучга киргани энг муҳим қадам бўлди. Шунингдек, қароралар, давлат дастурлари қабул қилиниб, ижросини таъминлаш чоралари кўрилди.

Албатта, бу иллатга қарши жамоатчилик, нодавлат ташкилотлар ҳам бирдек курашмас экан, амалий натижага эришиб бўлмайди.

Шу маънода, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида коррупцияга қарши муросасиз курашиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада талаба-ёшларнинг билимини ошириш, қонунчилик билан таништириш, таълим тизимидаги коррупцион ҳолатлар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, бартараф этиш чораларини кўриш, унга қарши курашиш борасида таклифлар ишлаб чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Қонун – коррупцияга қарши курашишда энг самарали қурол” мавзусидаги иншолар танлови ҳам партия дастури ижроси бўйича амалга оширилаётган тадбирлардан биридир.

Ўзбекистон ҳамда хорижий олий ўқув юртларининг бакалавр ва магистратура босқичларида таҳсил олаётган ёшлар ўртасида 9 декабрь – Коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан 2021 йил 26 ноябрь куни ушбу танлови эълон қилинди. Иншолар шу йил 9 декабрга қадар @MTYoshlarmurojaatiBot орқали қабул қилинди.

Белгиланган вақт давомида бот орқали 100 га яқин олий таълим муассасаси талабаларидан 1000 га яқин иншолар келиб тушди. Иштирокчиларнинг 41 фоизини йигитлар ва 59 фоизини талаба қизлар ташкил қилади. Иншоларни кўриб чиқиш ва саралаш мақсадида партия Марказий кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Ёшлар парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди.

Иншолар тўрт босқичли саралашдан ўтказилди ва сўнгги босқичда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ёзувчи Хуршид Дўсмуҳаммад ва шоира Фарида Бўтаевалар томонидан 17 та иншо саралаб долзарблиги, кўлами ва иллатга қарши кураш чораларига доир таклифлар нуқтаи назаридан кўриб чиқилди ва 10 нафар ғолиблар аниқланди.

Ғолибларнинг барчаси 17 декабрь куни Тошкент шаҳрига йиғилдилар.