Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бир қатор ҳуқуқлар берилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бир қатор ҳуқуқлар берилди

Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 7 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чоралари ҳақида"ги қарорига мувофиқ 2022 йил 1 январдан агентлик бир қатор ваколатларга эга бўлади.

Унга кўра, агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маълумотларни олиш, шунингдек тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш ҳуқуқига эга бўлди.

Шунингдек, агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

— Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва ушбу хабарларни текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиш;

— Оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага бўлган ҳиссий муносабати, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар бўйича ишни кўриб чиқаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда матбуот анжуманларини ўтказиш.

Агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда коррупциявий жиноятлар борасида жамоатчиликни хабардор қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

— Оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага бўлган ҳиссий муносабати, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар акс этган хабарлар бўйича – ўн кун муддатда;

— Бошқа коррупциявий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ҳамкор органлар билан келишувга кўра ҳар чорак ёки ярим йиллик якунлари бўйича;

— Коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, тенденциялари, содир бўлиш сабаб ва шарт-шароитлари, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида – йил якуни бўйича.

Ҳужжат билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, ОАВнинг хабарларини ўрганиш асосида, шунингдек, ўз ташаббуси билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этишга ҳақли этиб белгиланди.

Бундан ташқари, агентликка давлат органлари фаолияти очиқлиги соҳасида юклатилган қўшимча вазифаларни молиялаштиришга кўмаклашувчи юридик шахс мақомига эга бўлмаган Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.

2022 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи туну-кун фаолият юритадиган Call-марказ ишга туширилади.