​​Кучли туман Ўзбекистонда аэропортлар фаолиятини чеклаб қўйди

​​Кучли туман Ўзбекистонда аэропортлар фаолиятини чеклаб қўйди

3 декабрь куни Урганч ва Нукус аэропортларида кўриш имконияти ёмонлиги сабабли самолётлар учиш ва қўнишни амалга ошира олмади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Урганч аэропортидаги кучли туман туфайли — кўриш масофаси 200 метр атрофида — «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Москвадан парвоз қилаётган AFL1976 рейси соат 03:25 да «Шереметьево» аэрпортидан учиб кета олмаган.

Яна икки рейсда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган: С7 Airlines авиакомпаниясининг Самара—Урганч йўналиши бўйича соат 04:35 да учиши керак бўлган SBI6481 рейси ҳамда «Урал» авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдан соат 03:30 да учиши керак бўлган SVR2473 рейси.

Айни вақтда самолётлар Урганчдаги об-ҳаво шароитлари яхшилангунга қадар жўнатувчи-аэропортларда қолмоқда.

Кучли туман — кўриш масофаси 200 метр — шунингдек, Нукус аэропорти фаолиятини чеклаб қўйган. Uzbekistan Airways’нинг икки рейси Тошкентга парвозини кутмоқда. Бундан ташқари, соат 11:30 да Нукус—Ақтау йўналиши бўйича учиши кутилаётган рейс ҳам кечиктирилиши мумкин.

Uzbekistan Airways матбуот хизматининг маълум қилишича, Нукус ва Урганч аэропортларида метеорологик шароит тобора ёмонлашиб бораётгани муносабати билан аввал режалаштирилган HY-051/052, 053/054, 011/012 рейслари вазият ўзгармагунига қадар қолдирилган. Учиш вақти тахминан соат 16:00 га режалаштирилмоқда.

«2 ва 3 январь куни кечиктирилган ёки қолдирилган авиақатновлар йўловчилари авиачипта пулини қайтариш ёки бепул бошқа санага ўзгартириш имкониятига эгалар», — дея огоҳлантиради компания.