Кучли зилзиладан сўнг Гаитида аҳвол қандай?

Кучли зилзиладан сўнг Гаитида аҳвол қандай?

Гаитида юз берган зилзила қурбонлари сони кескин ошиб кетди. Маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 1 минг 297 киши ҳалок бўлган, 6 мингга яқин одам жароҳатланган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Гаити қутқарув хизмати бошлиғи Жерри Чандлернинг айтишича, ҳудуддаги шифохоналар ярадорлар билан тўлиб-тошган. CNN хабар беришича, тиббиёт ходимлари касалхонада жой йўқлиги сабаб ташқарида чодир тикишга мажбур бўлган.

– Ҳозирги асосий масала тиббий эҳтиёжларни қондириш. Зилзиладан жабр кўрганлар ётган шифохоналарга дори-дармон етказяпмиз. Шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлар эвакуация қилинди. Одамларни кўчириш эртага ҳам давом этади, – деган Гаити бош вазири Ариэль Анри матбуот анжуманида.

Зилзила ўчоғи Пти-Тру-де-Нипп шаҳридан тахминан 8 километр узоқликда жойлашган, марказда унинг кучи 7,2 баллга тенг бўлган. Ҳодиса мамлакатнинг аҳоли зич жойлашган пойтахти Порт-о-Пренсда ва қўшни давлатларда ҳам сезилган. Ҳозир минтақада давомли ер силкинишлари кузатилмоқда.

Бош вазир вертолётда вайрон бўлган жойларни кўздан кечирган, мамлакатда бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Метеорологларнинг маълумотига кўра, душанба ва сешанба кунлари минтақада кучли ёмғир ва сув тошқинлари бўлиши кутилмоқда. Бу қутқарув ишларига тўсқинлик қилиши мумкин.