Kun.uz‘нинг икки журналисти сайтни тарк этди

Kun.uz‘нинг икки журналисти сайтни тарк этди

Кун.уз ва Жаҳонгир Ортихўжаев можароси ортидан нашрнинг икки журналисти Зафарбек Солижонов ва Баҳодир Аҳмедов нашрни тарк этди ва Тошкент шаҳар ҳокимига мурожаат йўллади.

"Биламан биздан жуда хафасиз. Бунинг учун сизлардан узр сўрайман. Кечаги масалада Kun.uz таъсисчиларига осон тутмаслигингизни ҳам илтимос қилардим. Улар мен кўрган инсонлар ичида энг яхшилари.

Мен эса бу ердан кетишга қарор қилдим. Менимча, биз яхши ишладик. Ҳозир Kun.uz'да ҳаммаси жойида. Оғир кунда ташлаб кетмадим. Уларга номардлик қилмадим. Аввал иш топиб, кейин у ердан кетсам, уларнинг юзига оёқ қўйган бўлардим. Мен энди ишсизман. Ҳозирча қайси ташкилотга ишга ўтишим номаълум. Барчасини нолдан бошлашни хоҳлайман. Ризқим Аллоҳдан. Ҳозир эса уйга бориб, оилам билан бир-икки кун дам олмоқчиман. Жуда ҳам чарчадим.

Жаҳонгир ака Ортиқхўжаевга эса ўша гапни яна қайтараман. Мен итнинг боласи эмасман ва последняя тварь ҳам эмасман. Мен журналистлик билан шуғулланган юристман. Шунчаки, бу давлатда қонун ишлашини хоҳлагандим холос. Ғурурим эса отамдан мерос. У ҳаммасидан устун. Уни топташга ҳаққингиз йўқ. Лекин бир нарсани тушунинг. Бу жангда ҳеч ким ютмади. Айниқса сиз" деди Солижонов.

"Дўстлар! Kun uz да ўтган вақтим давомида кўплаб хулосаларга эга бўлдим. Ҳаётнинг паст-баланди борлигини, яхши-ёмон одамларни кўрдим. Балким бу тажрибани кўп инсонлар бошидан ўтказмас.

Таъсисчиларга, яъни раҳбарларимизга, Kun.uz жамоасига каттакон раҳмат. Биз оддий ишхона эмас, оиладек вақт ўтказдик, ишладик, бирга футбол ўйнадик. Лойиҳада фаолият юритган юрагимга яқин инсонларни учратдим. Тажрибали инсонлардан дарс олдим. Бугун биз ютказмадик. Бугун энди уйғонаётган сўз эркинлиги, матбуот ютқазди.

Жаҳонгир ака сизга айтаман, ўшанда ҳам қарши борганман - мен итнинг боласимасман, последный твар хам эмасман. Сиз ютганингизни эмас, давлат имиджига путур етказганингизни ўйланг.

Мен ризқимни топишимга ишонаман! Сизлардан илтимос - журналистларни ҳуқуқлари ҳимояланмаган, кучсиз матбуот даврида Kun.uz ни айбламанг!" деб ёзди Баҳодир Аҳмедов.